Мукофот пули ундириб берилди

Қорақалпоғистон Республикаси Aдлия вазирлигига Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигида ишловчи фуқаро С.Сабирбаев ва 13 нафар ходимга “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилганлиги муносабати билан мукофот пули тўланмаганидан норози бўлиб йўллаган мурожаати келиб тушди.
– Мурожаат тегишли тартибда ўрганиб, 14 нафар ходимга 2024 йилнинг учинчи чораги билан мукофот пули тўланмаганлиги аниқланди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Aдлия вазирлиги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш шўъбаси бошлиғи Aсилбек Молдаҳметов. – Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 299-моддасида “Иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган бошқа тўловлар рағбатлантириш турлари жумласига кирмайди,” деб белгиланган. Шунингдек, ушбу моддага кўра Интизомий жазонинг амал қилиш муддати ичида ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари, шу жумладан, меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига кирмайдиган ва меҳнат натижаларига асосланмаган мукофотлар ҳам (байрамлар, касб байрамлари, юбилейлар муносабати билан ва ҳоказолар) қўлланилмайди.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 12 апрелдаги “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд органлари ва нотариал идоралар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг тариф сеткасини жорий этиш тўғрисида”ги қарори 4-бандида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд органлари ва нотариал идоралар раҳбарларида белгиланган меҳнат ҳақи фонди доирасида ўз вазифаларини виждонан, шунингдек, алоҳида муҳим ва масъулиятли ишларни бажараётган ходимларни, шу мақсадларга икки ойлик меҳнат ҳақи фонди миқдоридаги маблағларни йўналтирган ҳолда мукофотлаш. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд органлари ва нотариал идоралар ходимларини мукофотлашнинг миқдорлари ишнинг умумий натижаларига уларнинг шахсий улушига қараб белгиланади, бунга бир ойлик иш ҳақи фондини йўналтирган ҳолда, ходимларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳуқуқи сақлаб қолинади.
Шу муносабат билан мазкур мурожаат вазирлик томонидан қаноатлантирилиб, 14 нафар фуқарога жами 50 миллион сўмдан зиёд чораклик мукофот пули ундириб берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири