Ёшлар институт фаолияти билан танишди

248

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари, божхона институти курсантлари билан биргаликда Нукус шаҳридаги “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейида бўлиб, муассаса ўқувчиларига ўқув юрти фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди.

Айни кунларда мазкур институтга ўқишга кириш истагида бўлган номзодлар учун қабул жараёнлари давом этмоқда. Ҳар йили 1 январь санасидан 1 апрелга қадар давом этадиган қабул жараёнларига келгусида ўзини божхоначи тимсолида кўра оладиган ёшларнинг ҳужжат топшириб улгуришлари учун тарғибот ишлари амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, божхона институтида ўқиш муддати 4 йилдан иборат бўлиб, божхона иши ва божхона ишини ҳуқуқий юритиш таълим йўналишларида ўқишга кириш истагида бўлган номзодлар ўз ҳужжатларини топшириши мумкин. Психологик тест, жисмоний тайёргарлик ва оғзаки суҳбат шартларидан муваффақиятли ўтган номзодлар тест машғулотларига йўлланмани қўлга киритади ва унинг натижалари бўйича юқори балл олганлар ўқишга қабул қилинади.

Учрашувда божхона тизимига малакали ва билимли кадрларни етказиб берувчи институтга қабул жараёнлари, танлов шартлари, номзоднинг жавоб бериши шарт бўлган жисмоний параметрлари ҳақида ўқувчиларга батафсил маълумотлар берилиб, қабулдан кейинги ўқиш даври ва божхона институтида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан таништирилди.

 Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири