Маданий меросимиз тарғиботи

Қорақалпоғистон Республикаси делегацияси аъзолари иштирокида Камбоджа пойтахти Пномпен шаҳридаги Парагон халқаро университетида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясига тайёргарлик жараёнлари доирасида “Ўзбекистоннинг маданий мероси ва ислоҳотлари” мавзусида тарғибот тадбири ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Б.Ўтемуратов, Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазири Б.Темирбаев, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори, академик А.Реймов иштирок этди.
Айни кунларда давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 15 мартдаги “2025 йилда ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг Самарқанд шаҳрида ўтказилишига тайёргарлик кўриш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ушбу нуфузли халқаро анжуманни юқори даражада ўтказишга ҳар жиҳатдан пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Тадбир иштирокчиларига дастлаб аждодларимиздан қолган бой меросимиз, миллий урф-одатларимизни акс эттирувчи ҳунармандлар кўргазмаси намойиш этилди.

Шундан сўнг, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори, академик А.Реймов Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессияси ўтказилиши, ушбу анжуман, бутун халқаро маданий ва илмий ҳамжамият учун аҳамиятли эканлигини таъкидлади. Шунингдек, ЮНЕСКО сессияси билим, маданий анъаналар алмашиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун катта имконият эканини, ушбу учрашув жаҳон маданий меросини асраб-авайлаш ва тарғиб этишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети жамоалари томонидан миллий қўшиқлар, рақслар ижро этилди. Парагон халқаро университет вакиллари ва талабалари миллий таомларимиз билан танишиб, уларнинг ажойиб таъмини татиб кўриш имкониятига эга бўлди. Ушбу кўргазма меҳмонларда катта қизиқиш уйғотиб, халқимизнинг миллий қадриятлари ва меҳмондўстлигини намоён этди.

Ушбу тадбир икки мамлакат ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш билан бирга, халқимизнинг бой тарихи ва анъаналарини кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда. Дарҳақиқат, ушбу тадбирлар мамлакатимиз тараққиётининг уч минг йилдан зиёд тарихи, жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий мероси ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасини хорижий давлатларда кенг тарғиб қилиш орқали ҳамкорликни янада ривожлантиришда ўзига хос кўприк вазифасини ўтамоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири