IX қишки Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди

Хитойнинг Ҳарбин шаҳрида IX қишки Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
34 давлатнинг спорт делегациялари иштирок этган ўзига хос спорт байрамида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин IX қишки Осиё ўйинларини очиқ деб эълон қилди.

Бир қатор қитъа давлатларининг президентлари, ҳукумат вакиллари иштирок этган тантанали очилиш маросимида 34 та мамлакат байроғи олиб ўтилди. Улар қаторида мамлакатимиз байроғини чанғи альпинизми бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Жасур Шамсиддинов ҳамда Феруза Бобоқулова “Ҳарбин-2025” майдони узра сарбаланд этди.

Очилиш маросимида расмий меҳмонлар қаторида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари О.Умаров, спорт вазири А.Икромов, МОҚ бош котиби О.Қосимов, Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ф.Арзиев иштирок этди.
Т.Рўзиев, ЎзА