Ғазодаги этник тозалашга уриниш, Трампнинг ёпди-ёпдилари, Урушни тугатишга ҳаракат

Озарбойжон Россияни судга беради
Ўтиб бораётган ҳафтада Озарбайжон Москванинг Боку билан ҳисоблашиши кераклигини эслатиб қўйди. Боку 2024 йил 25 декабр куни Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида «Озарбойжон Ҳаво Йўллари» (AZAL) авиакомпаниясига тегишли йўловчи самолёти ҳалокатга учрагани сабабли Россияга қарши халқаро судга даъво аризаси тайёрламоқда. Бу ҳақда Озарбойжон давлат ахборот агентлиги маълумот тарқатган.
Авиаҳалокатда 38 нафар йўловчи ҳалок бўлган. Ҳозирда ҳуқуқий далиллар тўпланмоқда.
Россия томони воқеани бир томонлама талқин қилишда айбламоқда, бироқ Қозоғистон транспорт вазирлиги ҳам ўз хулосасини эълон қилган. Бокуга кўра, Москва ўз айбини тан олмасдан хатони экипаж аъзоларига ағдаришга уриняпти.
Агентликка кўра, Озарбойжон ҳукумати AZAL самолётига отиш буйруғини берган шахслар, амалга оширилган зарбалар ва қўлланилган қурол ҳақида аниқ маълумотларга эга. Ушбу ҳолат юзасидан ўтган ой Владимир Путин Озарбойжон томонидан узр сўраган эди.
Шунингдек, мамлакат ушбу воқеалардан кейин Россиянинг рақиби Украинага 1 миллион доллар миқдорида гуманитар ёрдам кўрсатилиши эълон қилди. Бокудаги Россия маданият уйи раҳбариятига унинг ёпилиши бўйича расмий хабар юборган. Россия Ташқи ишлар вазирлиги “Рус уйи” билан боғлиқ вазиятни ҳал қилиш устида иш олиб бораётганини билдирди. “Рус уйи” бир ярим ой ичида ижарага олинган бинодан чиқиши керак, унинг эгаси бинони шошилинч равишда сотиб юбормоқчилигини айтган. Кремл матбуот котиби Дмитрий Песковнинг гапларига кўра, бу масала давлат етакчилари ўртасида муҳокама қилиниши керак.
Трамп Нетаняҳуни ҳимоя қилди
АҚШ президенти Дональд Трамп Халқаро жиноий судга (ХЖС) санкциялар жорий этиш ҳақидаги фармонни имзолади. Бунга Қўшма Штатларнинг яқин иттифоқчиси бўлган Исроилга нисбатан тергов ҳаракатлари очилгани сабаб бўлган, деб ёзмоқда “Euronews” нашри.
Аввалроқ Халқаро Суд Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни фаластинликларга нисбатан қилган жиноятлари учун ҳибсга олиш учун ордер берган эди. Трампнинг бу қарори эса Нетаняҳу Вашингтонга ташриф буюрган пайтга тўғри келди. Икки давлат етакчиси сешанба куни Оқ уйда музокаралар ўтказган.
Имзоланган ҳужжатда айтилишича, “қонунбузарликлар” учун масъул бўлганлар “аниқ ва муҳим оқибатларга дучор бўлади”. Ҳаракатлар мулк ва активларни блокировка қилиш, шунингдек, ХЖС расмийлари ва уларнинг қариндошлари АҚШга киришига рухсат бермасликни ўз ичига олиши мумкин.
– Дунё бўйлаб инсон ҳуқуқлари поймол қилинган жабрдийдалар борадиган жойи қолмагач, Халқаро жиноят судига мурожаат қилишади, хавотирли жиҳати шундаки, президент Трампнинг фармони адолат мезонларини қийинлаштиради, – деди Миллий хавфсизлик лойиҳасининг адвокати Чарли Хогл. Унинг айтишича, бу буйруқ “ҳам жавобгарликка, ҳам сўз эркинлигига ҳужумдир”.
«Вашингтон томонидан жорий этилган санкциялар энг оғир жиноятлар учун жазосизлик хавфини оширади ва халқаро ҳуқуқни заифлаштириш таҳдидини келтириб чиқаради», – дейилади БМТ баёнотида.
Ушбу ҳужжатни Германия, Франция, Жанубий Африка Республикаси, Канада ва бошқа давлатлар имзолаган. Шунингдек, баёнотда 79 мамлакат Гаага судининг мустақиллигини заифлаштиришга қаратилган ҳар қандай уринишларни қоралаши қайд этилган.
Трампнинг ёпди-ёпдилари
Трамп Президент этиб сайлангандан кейинги икки ҳафта ичида бутун дунё бўйлаб АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг минглаб ходимлари ишдан бўшатилди ва дастурлар ёпилди, деб хабар бермоқда “Eruonews”.
Миллиардер Илон Маск бу қарор Трамп билан келишилган ҳолда қабул қилинганини айтган. 600 дан зиёд ишчи билан алоқа бир кеча-кундузда компютер тизими орқали чеклаб қўйилган. USAID веб-сайти ва Х платформасидаги аккаунт ҳам ўчирилган. Трамп маъмурияти ташкилотнинг умумий 10 мингдан ортиқ ишчиларининг 97 фоизини таътилга чиқаришга ҳаракатни бошлаб юборган эди. Кейинчалик бу суд томонидан тўхтатилиб қўйилган.
Маск раҳбарлигидаги Ҳукумат самарадорлиги департаменти аввалроқ Ғазначилик бўлимида худди шундай амалиётни қўллаб, махфий маълумотлар, жумладан Ижтимоий таъминот ва “Medicare” мижозлари тўлов тизимига кириш ҳуқуқига эга бўлди. Бунинг ортидан ушбу секторнинг юқори мартабали ходими истеъфо берган.
Мазкур халқаро бирлашма ёпилиши Трамп маъмурияти томонидан федерал ҳукумат дастурларига нисбатан “қатағон”нинг бир қисмидир.
Америка Қўшма Штатлари собиқ раҳбари Жон Кеннеди USAIDни Совет Иттифоқи билан совуқ уруш авжига чиққан паллада яратган. У ташқи кучларга қарши чет давлатлар ёрдамида самаралироқ курашишни хоҳлаган эди. Ўшанда Конгресс хорижий ёрдам тўғрисида қонун қабул қилди ва 1961 йил USAID мустақил агентлик сифатида очилди.
Шунингдек, АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакатнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва Фаластин қочқинларига ёрдам бериш бўйича Яқин Шарқ агентлигидан чиқиши тўғрисидаги фармонни имзолади. Трамп тегишли фармонга Нетаняҳу билан учрашган кунида имзо чеккан ҳамда Исроил ҳам Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашдан чиқиб кетган.
Трамп Украинадаги зиддиятни 20 апрелгача тугатмоқчи
АҚШ президенти Дональд Трамп Пасха байрами муносабати билан Россия ва Украина ўртасида тинчлик битимини таъминлашга интилмоқда. Бу ҳақда “Daily Mail”нашри ёзиб чиқди.
Қайд этилишича, сулҳ режаси қуйидаги бандларни ўз ичига олади:
20 апрелгача сулҳ;
Украинанинг НАТОга киришини тақиқлаш;
Украина қўшинларининг Курск вилоятидан олиб чиқилиши;
Украинани тиклаш учун 486 миллиард доллар миқдорида халқаро ёрдам.
Аввалига Зеленский ва Путин ўртасида телефон қўнғироқлари, сўнгра феврал охири ёки март ойининг бошларида икки давлат етакчилари ўртасида учрашув ўтказилиши кутилмоқда. Шунингдек, 9 майга қадар ўт очишни тўхтатиш бўйича расмий баёнот берилиши кўзда тутилган ва Украинадан ҳарбий ҳолатни узайтирмаслик сўралади.
Қолаверса, Трамп Украинани қўллаб-қувватлашда давом этади ва унинг 2030 йилгача ЕИга қўшилиши ҳақида ўйлаб кўради, шу билан бирга, Россияга қўллаланилаётган энергия санкциялари бекор қилинади, тарифлардан олинган маблағлар Украинани қайта тиклаш учун йўналтирилади.
Шунингдек, Қўшма Штатлар 14-16 феврал кунлари Мюнхенда бўлиб ўтадиган Хавфсизлик конференциясида Украина инқирозини ҳал қилиш режасини тақдим этади, деб ёзди “Bloomberg” агентлиги.
– Лойиҳани иттифоқчиларга Президент Дональд Трампнинг Украина бўйича маҳсус вакили Кейт Келлог тақдим этади, – дейилган хабарда. Суҳбатдошлар муҳокама формати ва тафсилоти ҳақида маълумот бермаган.
Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Россия раҳбари Владимир Путин ўртасидаги саммит ўтказилиши мумкин бўлган жой сифатида кўрилмоқда.
Қўшма Штатлар етакчиси РФ – Украина урушини имкон қадар тезроқ тугатиш учун россиялик ҳамкасби билан учрашишга тайёрлигини айтди. Путин Трампни сайлангани билан табриклаб, Украина ва энергетика масалаларини муҳокама қилиш учун музокара столига чорлаган, деб ёзди “Reuters” ахборот агентлиги.
Ғазода тирик қолишга уринаётганлар
Фаластин қутқарув гуруҳи Ғазо аҳолиси ҳаётини муҳофаза қилиш учун зудлик билан чора кўришга чақирмоқда. Хусусан, Фуқаро мудофааси Фавқулодда қутқарув ташкилоти аъзоси Маҳмуд Басал ўн минглаб Ғазолик ҳозир очиқ ҳавода яшаб, асосий бошпана ва зарурий ашёлардан маҳрумлиги, уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун ёрдамни тезлаштириш ва кўпайтириш зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда “IRNA News” ёзган.
“Шеҳаб” ахборот агентлиги хабарига кўра, секторда ҳарорат пасайиб бораётгани туфайли чодирларда, вайрон бўлган биноларда яшаётган юз минглаб одам азият чекмоқда. Бундан ташқари ҳали портламаган жуда кўп ўқ-дори кўчалар, вайроналар бўйлаб ёйилиб ётибди. Бу Ғазо фуқаролари ҳаётини хавф остида қолдиради.
Ғазо урушида Исроил томонидан 61 700 нафардан ортиқ фаластинлик ўлдирилди. Энди уларнинг оила аъзолари уйга ўз яқинларисиз қайтиб келмоқда.
Фаластинлик аёл турмуш ўртоғи, тўрт ва икки ёшли фарзандларининг вафоти ҳақида гапириб берди. Улар ўтган йилнинг август ойида Исроил ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган. Энди эса оиласини йўқотган фаластинлик аёл ҳам юз минглаб миллатдошлари қатори Шимолий Ғазога ёлғиз қайтмоқда.
«Ўша вақтдан бошлаб мен кучли бўлишга ҳаракат қилдим. Ажралишга дош беришга ҳаракат қиламан. Аммо атрофимдаги ҳамма нарса менга яқинларимни эслатади”, — дейди у.
Энди Ғазога қайтган фаластинликларнинг кўпи яқинларисиз, урушдан олдинги хотиралари билан яшашга мажбур.
Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Миср ва Иордания ташқи ишлар вазирлари, шунингдек Фаластин озодлик ташкилоти Ижроия қўмитаси бош котиби Ҳусайн Ал-Шайх АҚШ давлат котибига хат йўллади. Мактубда сиёсатчилар Ғазо секторидан фаластинликларни кўчириш режасига қарши эканликларини билдиришган. Шунингдек, қатор Европа давлатлари ҳам бунга қаршилик билдирган.
– Беш араб давлати ташқи ишлар вазирлари ва Фаластиннинг юқори мартабали амалдори давлат котиби Марко Рубиога йўллаган қўшма мактубда фаластинликларни Ғазо секторидан чиқариб юбориш режаси қораланиб, бунинг ўрнига уларни қайта қуриш жараёнига қўшиш талаб қилинган, – деб ёзди нашр. Кейинчалик Рубио фаластинликлар вақтинчалик кўчирилиши мумкинлигини айтиб чиқди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Дональд Трамп Ғазо аҳолисини араб мамлакатларига вақтинча ва узоқ муддатга жойлаштириш имконияти кўриб чиқилишини маълум қилганди. Исроил молия вазири Бецалель Смотрич ҳам шундай режани ишлаб чиқиш мўлжалланаётганини айтган. Миср Ташқи ишлар вазирлиги Қоҳира фаластинликларни вақтинча ёки узоқ муддатли асосда жойлаштиришга уриниш қабул қилинмаслигини таъкидлади.
Сардорбек Поёнов, Аброр Содиқов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА.