ТрампХЖСга санкциялар жорий этиш ҳақидаги фармонни имзолади

АҚШ президенти Дональд Трамп Халқаро жиноий судга (ХЖС) санкциялар жорий этиш ҳақидаги фармонни имзолади. Бунга Қўшма Штатларнинг яқин иттифоқчиси бўлган Исроилга нисбатан тергов ҳаракатлари очилгани сабаб бўлган, деб ёзмоқда “Euronews” нашри.
Яқинда ХЖС Исроил бош вазири Бенямин Нетаняхуни фаластинликларга нисбатан қилган жиноятлари учун ҳибсга олиш учун ордер берган эди.
Трампнинг бу қарори эса Нетаняху Вашингтонга ташриф буюрган пайтга тўғри келди. Икки давлат етакчиси сешанба куни Оқ уйда музокаралар ўтказган.
Имзоланган ҳужжатда айтилишича, “қонунбузарликлар” учун масъул бўлганлар “аниқ ва муҳим оқибатларга дучор бўлади”. Ҳаракатлар мулк ва активларни блокировка қилиш, шунингдек, ХЖС расмийлари ва уларнинг қариндошлари АҚШга киришига рухсат бермасликни ўз ичига олиши мумкин.
– Дунё бўйлаб инсон ҳуқуқлари поймол қилинган жабрдийдалар борадиган жойи қолмагач, Халқаро жиноят судига мурожаат қилишади, хавотирли жиҳати шундаки, президент Трампнинг фармони адолат мезонларини қийинлаштиради, – деди Миллий хавфсизлик лойиҳасининг адвокати Чарли Хогл.
Унинг айтишича, бу буйруқ “ҳам жавобгарликка, ҳам сўз эркинлигига ҳужумдир”.
Мусулмон Зиё, ЎзА