
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси жорий йилда Жаҳон чемпионатининг Осиё қитъаси бўйича 3-саралаш босқичининг 7-турида Қирғизистон терма жамоасига қарши ўз майдонида ўйнайди.
Ушбу терма жамоалар баҳси 20 март куни Тошкентдаги “Бунёдкор» стадионида ўтказилади. Дастлаб ушбу учрашув бошланиш вақти соат 18:45 этиб белгиланган эди. Бироқ Рамазон ойи муносабати билан мухлисларга қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон футбол ассоциацияси учрашув вақтини ўзгартириш бўйича ОФКга сўров юборди. Сўров қаноатлантирилиб, ўйин 20 март куни Тошкент вақти билан соат 21:15 га кўчирилди.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон терма жамоаси Осиё қитъасида футбол бўйича Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичининг “А” гуруҳида 13 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА