Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалар қўмитаси ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Тадбир доирасида дастлаб иштирокчилар, жумладан, парламент вакиллари ҳамда меҳмонлар сунъий интеллект соҳасида амалга оширилаётган ишлар, бу йўналишдаги энг сўнгги ютуқлар ҳамда қўшимча имкониятлар билан яқиндан танишди. Хусусан, Ўзбекистонда сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар, AI технологияларидан фойдаланиш истиқболлари ҳақида маълумотларга эга бўлишди.

Меморандумнинг мақсади қонунчиликни такомиллаштириш, қонун ижодкорлиги жараёнида жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, ҳуқуқий маданиятни ошириш ҳамда мамлакат тараққиётига қаратилган стратегияларни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Ҳамкорлик доирасида инновацион ривожланиш, ахборот технологиялари, хусусан, сунъий интеллект соҳасининг илмий-амалий муаммоларини тадқиқ этиш, хорижий тажрибани ўрганиш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ва қонун ҳужжатларининг моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш каби ишлар амалга оширилади.

Таъкидланганидек, ушбу Меморандум парламент ва илмий ҳамжамият ўртасида самарали ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, жамият эҳтиёжлари ва манфаатларини қонунларда тўлиқ акс эттиришга ҳамда Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар самарадорлигини оширишга ҳисса қўшади.
Н.Раҳмонова,
ЎзА