Юртимизнинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Равшан Усмонов (қароргоҳи Лондон шаҳрида жойлашган) Исландия президенти Халла Томасдоттирга ишонч ёрлиқларини топширди.

Расмий маросимдан сўнг бўлиб ўтган мулоқот чоғида Исландия етакчиси икки томонлама муносабатлар тарихида илк бор Ўзбекистон элчисининг ушбу мамлакатга тайинланиши ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсатнинг натижаси эканлигини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Исландия ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари бўйича фикр алмашилди. Савдо-иқтисодий, маданий ва туризм соҳаларида алоқаларни жадаллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Исландия етакчиси энергетика, юқори технологиялар ва рақамлаштириш, балиқчилик, туризм ҳамда атроф-муҳитни ҳимоя қилиш каби соҳалардаги ҳамкорлик икки томонлама манфаатли бўлишини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Исландия ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1997 йил 25 сентябрда ўрнатилган. Дипломатимиз Равшан Усмонов 2024 йил 16 май куни Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги қироли Чарльз III га ишонч ёрлиқларини топширган эди.