2024 йилда “Яшил макон” учун ажратилган 100 миллиард сўм доирасида қандай ишлар бажарилган?
Юртимиздаги экологик вазиятни яхшилаш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилиб, ҳудудларда минглаб дарахт ва бута кўчатларини экиш акциялари амалга ошириб келинмоқда.
Якунланган 2024 йилда ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги тадбирлар кенг кўламда амалга оширилиб, бунинг учун Давлат бюджетидан 100 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ушбу маблағларнинг 52 миллиард сўми “Очиқ бюджет” портали орқали “Менинг боғим” лойиҳасини молиялаштиришга, 48 миллиард сўми бошқа кўкаламзорлаштириш тадбирлари учун йўналтирилган.

Мазкур маблағлар ҳисобидан республиканинг 208 та туманида “Менинг боғим” лойиҳаси доирасида “Яшил боғ” ва “Яшил жамоат парк”лари барпо этилмоқда. Бундан ташқари, 445 гектар майдонда яшил боғлар ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари амалга оширилган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида айтиб ўтилди. Унда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг “2024 йил учун Давлат бюджет маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ мақсадли индикаторлари ижроси тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, ҳар йилги Давлат бюджетининг мақсадли сарфланиши бўйича экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган йили чўл, тоғли ва тоғолди ҳудудларда чўлланиш ва қум кўчиши, тупроқнинг сув ва шамол эрозиясининг олдини олиш ҳамда экологик муҳитни яхшилаш мақсадида 1 минг 887 гектар ҳимоя ўрмонлари (иҳота) барпо этилди.

Муҳокамалар давомида депутатлар Давлат бюджетидан мақсадли индикаторлар учун ажратилган маблағларнинг тўлиқ ўзлаштирилмагани юзасидан эътироз билдирдилар. Шу билан бирга, бюджет маблағларидан самарали фойдаланган ҳолда, табиатни муҳофаза қилиш тадбирларининг ижросини таъминлаш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА