Футбол хабарлари
Испания кубогининг чорак финалида «Барселона» 5:0 ҳисобида «Валенсия»ни таслим қилди. Шу тариқа, «Реал», «Атлетико», «Реал Сосьедад» ва «Барселона» ярим финалга йўл олди.
***

Англия лига кубогининг ярим финалидан ўрин олган «Ливерпуль» — «Тоттенхэм» баҳсида 4:0 ҳисоби қайд этилди. Энди Англия лига кубоги финалида “Ливерпуль” ва «Ньюкасл» жамоалари ўзаро рақобатлашади.
***
Бугун, 7 февраль куни “Андижон” клуби Анталия шаҳридаги йиғинда иккита ўртоқлик учрашувини ўтказади. Жамоа дастлаб “АСК Войтсберг” (Австрия), иккинчи ўйинда эса “Рауфосс” (Норвегия) клубига қарши майдонга тушади.
***
Улуғбек Бақоев бошчилигидаги “Бухоро“ клуби Анталия шаҳридаги йиғинда Қозоғистоннинг “Елимай“ жамоасини 2:0 ҳисобида таслим этди. Ўйинда Франье Икич ва Асилбек Қаюмов гол урди.
***

Дубайда янги мавсумга тайёрланаётган “Навбаҳор“ ўртоқлик учрашувларидаги кетма-кет учта мағлубиятдан сўнг, Хитой Суперлигасида ўтган мавсум бронза медалини қўлга киритган “Ченгду” (Ченгду) жамоасига қарши ўтказилган беллашувда 1:0 ҳисобида зафар қучди.
***
“Насаф“ клуби Анталия йиғини доирасида Грузиянинг “Колхети Поти“ жамоасини 4:1 ҳисобида доғда қолдирди. Учрашувда Драган Черан, Баҳодир Халилов, Ойбек Бозоров (дубль) гол урди. Рақиб жамоанинг ягона голи Давид Красовский томонидан киритилди.
***

“Реал Мадрид“ жамоаси собиқ ҳимоячиси бразилиялик Марсело футболчилик фаолиятини якунлади. 36 ёшли футболчи узоқ йиллик фаолияти давомида “Флуминенсе“ (2005-2007, 2023-2024), “Реал Мадрид“ (2007-2022) ва “Олимпиакос“ (2022-2023) жамоаларида тўп тепди. Марсело “Реал“ таркибида Чемпионлар лигаси кубогини беш маротаба қўлга киритди. Бундан ташқари, у олти марта Испания чемпиони, тўрт маротаба клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиби бўлди.
***
Англия футболида янги юлдуз пайдо бўлди. 15 ёшли Жереми Монга ноёб истеъдод эгаси сифатида танилмоқда. “Лестер” клуби кашф қилган қанот ҳужумчисига бугунги кунда “Манчестер Сити”, “Челси” ва “Реал” жамоалари харидор бўлмоқда.
***

Буюк Британиянинг “FourFourTwo” нашри жаҳон футболи тарихидаги энг зўр 100 нафар футболчи рейтингини тузиб чиқди.
Унга кўра, футбол оламида деярли барча совринларни қўлга киритган Лионель Месси жаҳоннинг энг кучли футболчиси дея қайд этилган. Саккиз карра “Олтин тўп” соҳибининг доимий рақобатчиси Криштиану Роналду тўртинчи поғонага лойиқ кўрилган. Уч карра жаҳон чемпиони Пеле ва аргентиналикларнинг қаҳрамони Диего Марадона 2-3 ўриндан жой олди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА