Иш ҳақлари ундириб берилди

158

Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани адлия бўлимига 72-сонли умумий ўрта таълим мактабининг бир гуруҳ ходимлари уч ой давомида иш ҳақларини олмаганликларини юзасидан мурожаат этган.

– Мурожаатни ўрганиш жараёнида, ходимлар ҳақиқатдан ҳам уч ой давомида иш ҳақларини олмаганлиги маълум бўлди, – дейди Тўрткўл туман адлия бўлими Юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсулти Илҳом Қурбанбаев. – Бунга сабаб, шу кунга қадар мактабда ишчи ходимларнинг штат бирлиги ва дарс соатларини юклаш бўйича тарификацияси ҳудудий Иқтисодиёт ва молия бўлими билан келишилиб тасдиқлаш чоралари кўрилмаганлиги аниқланди. Шунга қарамасдан, мактабда жами 38 нафар ишчи ва ходим фаолият юритиб, амалда ўқитувчилар томонидан вақтинчалик жадвал асосида дарс ўтиб келган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020  йил 20 июндаги қарори билан тасдиқланган “Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 3-боб, 14-бандида умумтаълим муассасалари умумий ўрта таълимнинг таянч ўқув режаси асосида ҳар йили 10 сентябрга қадар умумтаълим муассасасининг дарс соатлари сеткаси шакллантирилиши ҳамда 2-боб, 9-бандида ҳудудий мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари ҳамда ҳудудий иқтисодиёт ва молия органлари томонидан кўриб чиқилган синфлар комплектини шакллантириш тўғрисидаги маълумотлар ҳар йили 15 сентябрга қадар тасдиқланади ёки аниқланган хато ва камчиликларни асослантирган ҳолда қайта ишлаш учун юборилади, деб белгиланган.

Юқоридагиларга асосан, туман адлия бўлими томонидан ходимларга тегишли тўловларни тўлаб бериш юзасидан туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига тақдимнома киритилиб, 38 нафар ходимга тўланмасдан келинаётган 40 миллион 133 минг 571 сўм миқдорида ойлик иш ҳақи тўлаб берилиши таъминланди.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири