Маҳаллалардаги муаммолар ўрганилди

193

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Амударё тумани маҳаллаларидаги ички хўжалик йўлларини таъмирлаш ва ободонлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Жумладан, “Чойкўл”, “Холимбег” қишлоқлари ва “Тошқалъа” маҳалласи ички кўчаларига қум-шағал аралашмасини ётқизиш бўйича бошланган ишларни кўздан кечириб, ҳудуд аҳолиси билан мулоқот қилди.

Таъкидлаш жоизки, кўп сонли фуқаролар томонидан ички йўлларни таъмирлаш ва маҳалла инфратузилмани яхшилаш бўйича билдирилган мурожаатлар бугунги кунга келиб босқичма-босқич ўз ечимини топмоқда. Мулоқот давомида аҳоли томонидан билдирилган масалаларни ижобий ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқ берилди.

Аманбай Оринбаев азалдан бобо деҳқонлар юрти бўлган Амударёда аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш мақсадида томорқадан фойдаланишда деҳқончилик, ҳунармандчиликни ривожлантириш борасидаги ишлар билан ҳам танишди.

Дастлаб, “Чойкўл” қишлоғида истиқомат қилувчи Маҳмуд Норбоевнинг иссиқхонасидаги ишларни кўздан кечирди. Шунингдек, “Холимбег” қишлоғида яшовчи Эркин Қўшаевнинг лимон, қулупнай етиштиришни ривожлантириш, қуёнчилик, чорвачилик бўйича амалга ошираётган самарали ишлари билан танишди. Шу билан бирга, ушбу овулдаги Олламберген Исмоиловнинг уй шароитида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш тажрибаси кўздан кечирилди.

Имтиёзли кредит маблағи ҳисобидан 16 сотих ер майдонида иссиқхона ташкил этиб, ҳар йили мўл ҳосил етиштириб келаётган Шавкат Ўразбоев хонадони ҳам эътибордан четда қолмади.

Хонадон эгалари билан мулоқот чоғида деҳқончилик соҳасининг сирларини чуқур эгаллаган миришкор томорқачилар тажрибасини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири