Махсус бўлимлар ўз фаолиятини бошлади

Давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан Қорақалпоғистон Республикасини янада комплекс ривожлантириш мақсадида 3 та йўналиш бўйича янги махсус бўлимлар очилди.
Хусусан “Қорақалпоғистон Республикасида лойиҳаларни амалга ошириш маркази” лойиҳа офиси фаолияти йўлга қўйилди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузурида Тадбиркорликка кўмаклашиш дирекцияси ташкил этилди. Мазкур Дирекция Нукус шаҳри ва туманларда саноат объектлари учун бино қуриш, уларни ижарага бериш, сотиш ва бошқа муҳим вазифаларни амалга оширади.
Вазирлар Кенгаши тузилмасида Ташқи беғараз кўмак маблағларини (грантларни) жалб қилиш ва донорлар билан ишлаш бўлими очилди. Ушбу махсус бўлим фаолияти Вазирлар Кенгаши Раиси томонидан мувофиқлаштирилади. Ташқи беғараз кўмак маблағларини (грантлар) жалб қилиш ва донорлар билан ишлаш доирасида бўлимга ҳар томонлама кўмак бериб борилади.
Шунингдек, Жумамуратов Бердах Жаббарбергенович – “Қорақалпоғистон Республикасида лойиҳаларни амалга ошириш маркази” лойиҳа офиси директори, Ҳасанов Улуғбек Қурбанбаевич – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Тадбиркорликка кўмаклашиш дирекцияси директори, Идирисов Камалатдин Абатбай ўғли – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Ташқи беғараз кўмак маблағларини (грантлар) жалб этиш ва донорлар билан ишлаш бўлими бошлиғи лавозимларига тайинланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири