Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда

172

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси томонидан давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг Амударё туманидаги ижросини ўрганиш бўйича амалий тадбир ташкил этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси ва халқ депутатлари Амударё туман Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоларидан иборат Ишчи гуруҳ дастлаб тумандаги “Арна бўйи” маҳалла фуқаролар йиғинидаги маҳалла еттилиги билан “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ижроси юзасидан суҳбатлашди. Унда камбағалликдан чиқариш масалалари муҳокама этилиб, таклифлар олинди. Шундан сўнг дастур ижросини жойига бориб ўрганиш мақсадида Ишчи гуруҳ аъзолари хонадонларга ташриф буюрди.

Ўрганиш натижалари ҳамда дастури ижроси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси ва халқ депутатлари Амударё туман Кенгашидаги партия гуруҳининг қўшма йиғилишида муҳокама этилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

*** 

Оролбўйининг чекка ҳудудларида бадиий гимнастика спортини янада ривожлантириш мақсадида Нукус туманидаги 19-сонли умумтаълим мактабида “Шаҳзода Ибрагимова спорт маҳорати тўгараги” ташкил этилди.

Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиали ташаббуси билан ташкил этилган тўгаракнинг очилиш маросимида профессор-ўқитувчилар ҳамда “Бадиий гимнастика” мутахассислиги талабалари иштирок этди. Тадбирда халқаро даражадаги спорт устаси, Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларининг иштирокчиси Шаҳзода Ибрагимова бадиий гимнастикага меҳр қўйган қизларга маҳорат дарсларини ўтказди.

Янгидан ташкил этилган тўгаракка бадиий гимнастика спортига қизиқувчи 50 нафардан зиёд ўқувчи аъзо бўлди.

*** 

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот ва Тахтакўпир тумани бўлимлари ҳамда Ички ишлар бўлимлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ноқонуний алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдоси фош этилди.

Жумладан, фуқаролар М.А. ва Р.М. “Адабиёт” овул ва “Ғарезизлик” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги савдо дўконларида жами 892 дона қалбаки акциз маркали алкоголь ҳамда 820 қути тамаки маҳсулоти сотувга қўйилганлиги аниқланди. Ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳозирда Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири