Божхона: хизмат итлари тақдирланди

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Довут-ота” чегара божхона пости кичик инспектор-кинологи С.Айтжановга бириктирилган “Руни” лақабли рус спаниели хизматда ўз хўжайинига катта ёрдамчи ҳисобланади.
Биргина 2024 йил давомида Руни ўзининг ноёб истеъдоди орқали 18 кг 100 гр мефедрон гиёҳвандлик воситаси, 2,37гр опий ва 770 туп кўкнори гиёҳвандлик воситасининг мамлакатимиз сарҳадлари орқали олиб кирилишининг олдини олишда ҳиссаси катта бўлди. Сафдош божхоначи дўстлари билан елкама-елка туриб, айниқса, гиёҳвандлик воситаларининг мамлакатимиз ҳудудига кириб келишининг олдини олиш йўлида қўшган ҳиссаси бугун Миллий кинология маркази томонидан муносиб эътироф этилиб, Руни “хизмат ити нишони” билан тақдирланди.

Мазкур нишоннинг навбатдаги соҳиби “Қорақалпоғистон” темир йўл чегара божхона пости кичик инспектор-кинологи Д.Салимовга бириктирилган “Айлан” лақабли хизмат ити бўлди. Гиёҳвандлик воситалари ва валюта қимматликларини қидиришда тўрт оёқли кўмакдош ўта хавфли гиёҳвандлик воситаси ҳисобланувчи героин ва опий излаб топиш бўйича катта тажрибага ҳам эга.
Бу каби рағбатлантиришлар аслида ушбу хизмат итлари бириктирилган ва уларга тарбия бераётган кичик инспектор-кнологларга берилган баҳодир. Божхона тизимида кинология хизмати янада тараққий топиб, келгусида ҳам ноқонуний товарлар ҳаракатини аниқлашда соҳа ходимларига катта таянч бўлиши шубҳасиз.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири