Ўзбекистон спортчилари Ҳарбинга етиб борди

7 февраль куни Хитойнинг Ҳарбин шаҳрида IX қишки Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.
Қитъанинг 34 та давлатидан 1 минг 300 нафарга яқин спортчи иштирок этадиган қишки Осиё ўйинларида мамлакатимизнинг 24 нафар атлети 6 та спорт турида ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Ўтган кунлар давомида ўйинларда иштирок этадиган спорт жамоаларимиз белгиланган дастур асосида Хитойга етиб боришди. Кеча Ўзбекистон спорт делегациясининг асосий қисми Хитойга йўл олди.
Айни кунларда қишки Осиё ўйинларида иштирок этиш учун Ҳарбинга етиб борган спортчиларимиз мусобақалар олди машғулотларни ўтказмоқда.
Бевосита ўйинларнинг очилиш маросимига тўхталадиган бўлсак, «Ҳарбин-2025» ташкилий қўмитаси очилиш тадбирлари уч қисмдан иборат бўлиши, унда илк бор сунъий интеллект технологияларидан фойдаланилишини маълум қилди.
Хитой «Пекин-2022» қишки Олимпия ва «Ханчжоу-2022» ёзги Осиё ўйинларининг маросимларида ишлаган бадиий жамоа бу тадбирга ҳам жалб этилганини инобатга олсак, бу гал ҳам чинликлар тўрт йиллик ўйинларда ўзига хос янгиликларни намойиш этишни режа қилган.
Айтиш лозим, «Ҳарбин-2025» ўйинлари 2026 йилги қишки Олимпиада ўйинларига тайёргарликнинг муҳим босқичи саналади.
IX қишки Осиё ўйинлари 14 февралга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, А.Мамадаминов (сурат), ЎзА