“Ҳарбин-2025”: ООКнинг 93 ижроқўм йиғилиши ўтказилди

Хитойнинг Ҳарбин шаҳрида Осиё Олимпия кенгаши (ООК)нинг 93 ижроқўм йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда ООК вице-президенти, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров иштирок этди.
Тадбир аввалида Ҳарбин шаҳри мерияси вакили меҳмонларни қарши олишдан мамнун эканини билдириб, қишки Осиё ўйинларида иштирок этаётган спортчиларга омад тилади. Анжуман давомида “Аичи-Нагоя-2026” ёзги Осиё ва 2029 йил Саудия Арабистонида ташкил этиладиган келгуси қишки Осиё ўйинларига тайёргарлик бўйича тақдимотлар ўтказилди.
Айтиш лозим, “Ҳарбин-2025” қишки Осиё ўйинлари дастуридан 11 та спорт тури ўрин олган бўлиб, бугунги кунда кёрлинг ва хоккей йўналишларидаги саралаш мусобақалари давом этмоқда. Ўзбекистон спортчилари дастлаб ўйинлар дастуридан ўрин олган шорт-трек мусобақаларида ўз омадини синовдан ўтказади.
Эслатиб ўтамиз, 14 февралга қадар давом этадиган “Ҳарбин-2025” қишки Осиё ўйинларининг 6 та спорт турида 24 нафар спортчимиз Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Т.Рўзиев, ЎзА