Хотин-қизларнинг ҳаётий мақсадлари, қадриятлари ўзгардими?
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳаёт ва меҳнат шароитларини яхшилаш, уларга дахлдор ижтимоий муаммоларни ҳал этишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Уларнинг ҳаётий мақсадлари ва қадриятлари жамият, маданият, шахсий тажриба, замонавий тенденциялар ва мавжуд шарт-шароитлар таъсирида шаклан янги кўринишларда намоён бўлмоқда.
Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти жамоаси томонидан хотин-қизлар ўртасида уларнинг ҳаётий мақсадлари, қадриятлари ва муаммоларини ўрганиш мақсадида социологик сўровлар ўтказилди. Уларда мамлакатнинг 8 та ҳудудида истиқомат қилувчи 547 нафар хотин-қиз иштирок этди.
Хотин-қизларнинг бандлиги шаҳар ва қишлоқ ҳудудлари кесимида ўрганилганида ҳар бешинчи хотин-қиз давлат ташкилотларида фаолият олиб бориши ва шаҳар ҳудудида яшовчилар орасида уларнинг улуши бироз кўплиги (23 фоиз) аниқланди.
Сўнгги йилларда мамлакатда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва гендер тенглиги масалаларига тобора кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Тадқиқот натижаларида жамиятда эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш долзарб масала эканлигини қўллаб-қувватловчи хотин-қизлар улуши ўртача 49,8 фоизни ташкил этди.
Тадқиқот натижаларига кўра, жамиятдаги аксарият аёллар (80,6 фоиз) таълим олиш ва уни давом эттиришни муҳим деб ҳисоблайди. Хусусан, уларнинг 62,6 фоизи олий маълумотга эга бўлишни ўта муҳим, ҳар бешинчиси эса (18 фоизи) кўп жиҳатдан муҳимлигини таъкидлади.
Сўровда иштирок этганларнинг 72 фоизга яқини иқтисодий фаровонлик улар учун ўта муҳимлигини, бештадан биттаси (19,4 фоиз) кўп жиҳатдан муҳимлигини таъкидлашган.
Хотин-қизларнинг соғлом турмуш тарзига амал қилиши уларнинг инсон саломатлигини қай даражада қадрлаши масаласи билан узвий боғлиқ. Олинган маълумотларга кўра, аёлларнинг аксарияти соғлом ҳаёт кечириш ҳар бир инсон учун ўта муҳим эканига ишонади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА