ЖССТ Украина учун 110 миллион доллар сўраяпти

Россия – Украина уруши бошлангандан деярли уч йил ўтиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2025 йил учун фавқулодда мурожаатини эълон қилди.
Мактубда айтилишича, ЖССТ ҳозиргача можаро билан боғлиқ 68,4 миллион долларлик инсонпарварлик ёрдами ажратган. Энди Украина соғлиқни сақлаш тизимини тиклаш ва ислоҳ қилишни қўллаб-қувватлаш учун яна 41,6 миллион доллар керак бўларкан.
БМТ маълумотига кўра, айни пайт 12,7 миллион украиналик шошилинч гуманитар ёрдамга муҳтож, улардан 9,2 миллиони у ёки бу шаклда тиббий ёрдам олиши зарур. Жумладан, уч миллион кишининг ҳаёти хавф остида. ЖССТ зиддият ривожини олдиндан айтиб бўлмаслиги вазият янада ёмонлашиши ва уруш чўзилишига олиб келишини таъкидлаган.
– Келажакда Украинада муҳим тиббий хизматни сақлаш ва кенгайтиришга эътибори қаратамиз, – дейди тузилманинг Европа бўйича минтақавий директори доктор Ханс Клуге. – Статистика маълумотлари ортида инсонлар тақдири турибди: туғиш олдидан бўлажак фарзанди келажагидан хавотир олаётган аёллар, руҳий саломатлиги ёмонлашишига қарши курашаётган кексалар ва режали эмланишдан маҳрум уч ёшли гўдакларгача. Шу боис 2025 йил ЖССТ Украина Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа шериклар билан яқин ҳамкорлик қилиб, уларни қўллаб-қувватлашни мақсад қилган.
– 2025 йил ЖССТнинг Украинада юзага келган фавқулодда вазиятга жавоб бериш бўйича стратегияси тезкор ва энг зарур тиббий ёрдам кўрсатиш, асосий тиббий хизмат узлуксиз кўрсатилишини таъминлаш, урушнинг, айниқса жанг кечаётган ҳудудлардаги соғлиқни сақлаш тизимига келтирган чуқур салбий оқибатига барҳам бериш мақсадларини кўзлайди, – дейилган мурожаатда.
С.Раҳимов,
ЎзА