Жанубий Корея: собиқ раҳбарлар устидан суд давом этяпти

Ҳарбий зобит, армия генерал-лейтенанти Ли Жин Ву Президент Юн Сок Ёль 3 декабрь куни эълон қилган мамлакатда қисқа муддатли ҳарбий ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармон қонуний, деб ҳисоблашини айтди.
“Reuters” ёзишича, ушбу кўрсатмани у мазкур фармойиши туфайли қўзғолон уюштирганликда айбланаётган Юнга нисбатан парламент импичменти кўриб чиқилаётган Конституциявий суд мажлисида берган.
– Мен ҳамон ўша фармонни қонуний ҳисоблайман, парламентга боришни айтишганини ҳам буйруқ сифатида қабул қилдим, – деди Ли судда. – Халқнинг ишончли вакили бўлган Бош қўмондон мамлакат ва дунё олдида гапирганда вазият қонунийми ёки конституцияга зидми, буни ўйлашнинг имкони йўқ эди.
Пойтахт мудофаа қўмондонлиги раҳбари Ли Жин Ву қўзғолон уюштириш ва ҳокимиятни суистеъмол қилишда айбланган бир неча юқори мартабали ҳарбий ва полиция зобитлари билан бирга сўроқ қилинмоқда.
Конституциявий суд парламент Юнга нисбатан 14 декабрда эълон қилган импичмент масаласини кўриб чиқмоқда. Йиғилиш якунида уни лавозимидан бутунлай четлатиш ёки қайта тиклаш тўғрисида қарор қабул қилинади. Агар давлат етакчиси ваколатидан маҳрум этилса, уч ой ичида президент сайлови ўтказилади.
Мусулмон Зиё, ЎзА