Ўзбекистон ва Малайзия технологик ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

Куни кеча Ташқи ишлар вазири ўринбосари Илҳом Ҳайдаров, “Ўзэлтехсаноат“ уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов ва Малайзия Яримўтказгичлар саноати уюшмаси (MSIA) директори Эндрю Чан ўртасида учрашув ўтказилди.
Унда томонлар икки давлат ўртасидаги технологик ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган масалаларни муҳокама қилди.
Таъкидланганидек, “Ўзэлтехсаноат“ уюшмаси электрон компонентлар ва микрочиплар ишлаб чиқариш соҳасида жаҳон миқёсидаги йирик “Intel”, AMD, “Infineon каби технология компаниялари билан ҳамкорлик қилмоқда. Ушбу учрашув ҳам ташкилот учун янги ҳамкорлик имкониятларини очиб беришга хизмат қилади.

Учрашувда Малайзия Яримўтказгичлар саноати уюшмаси фаолияти ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди. Унга кўра, MSIA мамлакатдаги электроника ва яримўтказгичлар саноатини ривожлантиришга йўналтирилган асосий ташкилотлардан бири ҳисобланади. У Малайзиядаги юзлаб етакчи компанияларни бирлаштириб, глобал бозор билан интеграцияни таъминлайди.

Уюшма ахборот хизматига кўра, MSIA фаолиятининг асосий йўналишлари микрочиплар ва электроника саноатини ривожлантириш, инновацион технологияларни жорий этиш ва кадрлар тайёрлаш, шунингдек, ҳукумат ва хусусий сектор ўртасидаги мувофиқлаштириш ишлари каби масалаларни ўз ичига олади.
Мулоқот якунида томонлар технологик ҳамкорликни кенгайтириш ва янги лойиҳаларни ишга тушириш, икки мамлакат ўртасида алоқаларни янада мустаҳкамлаш чора-тадбирларини кўришга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА