Истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинади (+видео)
Сўнгги пайтларда алдов ва фирибгарлик йўли билан фуқароларни “чув тушириш” ҳолатлари авж олгани, онлайн савдо борасида фуқаролар алдовларга учраётгани сир эмас. Бу эса истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида айни масалаларга дахлдор бўлган истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан сотувчи истеъмолчига шартномада кўрсатилган муддатларда товарни топширмаган тақдирда, мажбуриятнинг бажарилмаган қисмига пеня тўлаши назарда тутилмоқда. Бунда пенянинг умумий суммаси етказиб берилмаган товар баҳосининг 100 фоизидан ошиб кетмаслиги кўзда тутилмоқда. Шунингдек, пеняни тўлаш шартнома мажбуриятларини бузган тарафни товарларни етказиб бериш муддатларини кечиктириб юбориш, тўлиқ етказиб бермаслик оқибатида етказилган зарарни қоплашдан озод этмаслиги белгиланмоқда.
Муҳокамаларда депутатлар бир қатор таклиф ва мулоҳазаларни билдириб, қонун лойиҳасининг бугунги кундаги заруратини таъкидладилар ва уни қўллаб-қувватладилар.
Йиғилиш кун тартибига киритилган масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.
М.Комилова, А.Аҳмедов (видео), ЎзА