Чорвачилик ва паррандачилик қўллаб-қувватланади

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Чорвачилик ва паррандачиликни қўллаб-қувватлаш, соҳада юқори қўшилган қиймат яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
2025 йилда гўшт ва сут ишлаб чиқариш ҳажмининг прогноз кўрсаткичлари;
2025 йилда парранда гўшти ва парранда тухуми етиштириш ҳажмининг прогноз кўрсаткичлари;
2025 йилда ҳудудларда паррандачилик кооперацияси тизими асосида аҳоли бандлигини таъминлаш кўрсаткичлари;
2025 йилда парранда маҳсулотларини экспорт қилишнинг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланди.
Чорвачилик ва паррандачиликни қўллаб-қувватлаш бўйича:
а) 2025 йил 1 апрелдан 2028 йил 1 январга қадар чорвачилик ва паррандачилик хўжаликлари томонидан Давлат бюджетига тўланган қўшилган қиймат солиғининг 50 фоизини ҳар ойнинг 25 санасига қадар қайтариш тартибини жорий этиш. Бунда ушбу тартиб ишлаб чиқарилган гўшт, сут, парранда гўшти ҳамда тухумни реализация қилишдан тушган умумий тушум жами товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олган даромадининг камида 90 фоизини ташкил қиладиган чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларига нисбатан татбиқ этилади;
б) паррандачилик соҳасида аҳоли хонадонлари билан кооперация асосида ишлаш тизимини молиялаштириш учун 2025 йил 1 февралга қадар Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағларини «Микрокредитбанк» АТБнинг устав капиталини оширишга йўналтириш. Мазкур маблағлар ҳисобига республиканинг барча ҳудудларида паррандачиликнинг гўшт ва тухум йўналишида кооперация тизими асосида 1 миллион аҳолини иш билан таъминлаш бўйича «Парранда боқиш – даромад топиш» лойиҳаси амалга оширилади;
в) 2028 йил 1 январга қадар паррандачилик-наслчилик корхоналари томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб кириладиган хўжаликларга жўжаларни етказиб беришда фойдаланиладиган моторли транспорт воситаларига (ТИФ TH коди 8704 22 920 9) импорт божхона божини 5 фоиз ҳамда двигателнинг ҳар бир куб см учун 1,2 АҚШ доллари этиб белгилаш;
г) наслчилик корхоналари учун уларнинг асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни 50 фоиз пасайтирилган ставкада тўлаш шаклидаги солиқ имтиёзларининг амал қилиш муддатини 2028 йил 1 январга қадар узайтириш.
Қарорга кўра, Тошкент вилояти Янгийўл тумани Ниёзбоши массиви ҳудудидаги Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетининг Тошкент филиалига тегишли бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган 32,13 гектар ер участкаси Наслчилик илмий-ишлаб чиқариш марказига берилади, шундан 4 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ер тоифаси тегишли бино ва иншоотлар қуриш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказилади.
Қарор билан:
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш чоралари;
2025-2027 йилларда ветеринария соҳасини такомиллаштириш ҳамда чорвачилик тармоқларини янада ривожлантиришга доир вазифаларни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»;
Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетлари ҳисобидан туман (шаҳар) ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимларини наслчилик иши ва сунъий уруғлантиришни ташкил қилиш учун зарур бўлган моддий-техника воситалари, шу жумладан, Дьюар идишлари билан таъминлашнинг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланди.
ЎзА