Аёл сиймоси рассом нигоҳида

297

И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейида Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Aлвина Aндреевна Шпады таваллудининг 90 йиллигига бағишланган “Рассом ва аёл сиймоси” кўргазмаси очилди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими раиси У.Утегенова, Қорақалпоғистон давлат санъат музейи директори Г.Изентаева, Қорақалпоғистон халқ рассоми С.Байбосинов рассомнинг ижодига, унинг Қорақалпоғистон маданияти билан санъати ривожига қўшган катта ҳиссасига тўхталди.

Таъкидланганидек, Aлвина Aндреевна Шпады Қорақалпоғистоннинг энг дастлабки рассомларидан бири ҳисобланади. У 1935 йил 31 январда Туркманистонда таваллуд топган. Мактабни тугатганидан сўнг, 1957 йили Aшхободда Ш.Руставели номидаги санъат билим юртида таълим олади. 1960 йилда Қорақалпоғистонга кўчиб ўтади.

И.Савицкий билан танишиши, Қорақалпоғистоннинг бадиий фондида ва бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон фанлар академиясининг Қорақалпоғистон филиали санъатшунослик бўлимида ишлаши кўп жиҳатдан нафақат кейинги ҳаёт йўлини, балки рассомнинг қизиқиш доирасини ҳам белгилаб берди. Aлвина Aндреевна ижодий фаолият билан фаол шуғулланган. У қорақалпоқ халқ санъатини, ушбу ўлкада қадим замонлардан буён яшаб келаётган халқлар тарихини чуқур ўрганади. У портрет, натюрморт, пейзаж жанрларида ижод қилган ва 1969 йилдан бадиий кўргазмаларда иштирок эта бошлаган.

Дастлаб, Тошкент театр ва рассомлик институтини, кейин Москва тўқимачилик институтини тугатганидан сўнг, у Нукус санъат музейида (ҳозирги И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи) деярли очилган кундан бошлаб ўз меҳнат йўлини бошлаган. Бир вақтнинг ўзида Станиславский номидаги Қорақалпоқ давлат драма ва комедия театридаги (ҳозирда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри) фаолияти давомида кўплаб спектаклларнинг саҳна безакларини ишлаган.

2023 йилда И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейига Мариника Бабаназарова томонидан Aлвина Aндреевнанинг 256 та графика асари асосий фондга, 47 таси илмий-ёрдамчи фондга совға сифатида топширилди. Улар орасида дастлабки талабалик давридаги асарлари, портретлар тўплами, ҳар хил жанрда ишлаган асарлари, саҳна безаклари, театр ва кинематография учун тайёрланган либослар эскизлари мавжуд. Рассомнинг асарлари Москва, Тошкент, Олма-ота, Уфа, Қозон ва бошқа шаҳарлардаги музей кўргазмаларида намойиш этилган.

Оналар ва аёл ишчилар унинг кўплаб асарларининг қаҳрамонлари. Рассом уларни қорақалпоқ халқининг миллий ўзгачалигини акс эттирувчи ўзига хос композицияларда ва образларда тасвирлайди. Кўргазмада Aлвина Шпадынинг автопортретлари билан бир қаторда “Қора фондаги аёл портрети”, “Оқ рангдаги аёл” номли графика асарларида романтик аёл сиймолари намойиш этилган бўлиб, рассом, аёл гўзаллигини тасвирлашда ўз нуқтаи назари билан ёндашган.

“Менинг бувим”, “Меҳмонга”, “Шарипа дам олишда”, “Сайр қилаётган аёллар” асарларида кундалик турмуш тарзи ифодаланган, уларда аёлларнинг турли хил ҳаётий вазиятлардаги сиймолари акс этилган ва “Пахта ўтоғи билан шуғулланувчи аёл”, “Печка ёнидаги аёл”, “Тариқни майдалаш” асарларида аёлларнинг меҳнат фаолияти акс этилган. Рассом асарларида аёлларнинг нафақат ишлаб чиқаришдаги иштироки, балки уй ишлари, бола тарбияси, яқинларга ғамхўрлик қилиш каби хислатларини кўрсатиш муҳим ўрин эгаллаган.

Шпадынинг асарлари воқеликнинг ишончлилиги ва аниқлиги билан ажралиб туради. Шу билан бирга, кундалик ҳаётда у ўзига хос шеъриятни ҳис қилган. Aсарлардаги сюжетлар хаёлий емас, балки, рассом ҳаётни синчковлик билан кузатган ва бу кузатувлар унинг кўплаб асарларида акс этган.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сура), ЎзА