Ўзбекистонлик спортчилар IX қишки Осиё ўйинларида қатнашади (+видео)

Жорий йилнинг 7-14 февраль кунлари Хитойнинг Ҳарбин шаҳрида IX қишки Осиё ўйинлари бўлиб ўтади.
Мазкур мусобақада Ўзбекистон спорт делегацияси илк бор қишки Осиё ўйинлари тарихидаги энг катта таркиб билан иштирок этиши режалаштирилган.
Қитъанинг 34 та давлатидан 1 минг 300 нафарга яқин спортчи иштирок этадиган қишки Осиё ўйинларида мамлакатимизнинг 24 нафар атлети 6 та спорт турида ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Миллий олимпия қўмитасида ўтказилган матбуот анжуманида спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Тошматов йилнинг илк комплекс мусобақаси хусусида журналистларга батафсил ахборот бериб ўтди.
Қайд этилганидек, яна тўрт кундан сўнг расман очилиш маросими бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларида юртимиз шарафини қуйидаги спортчилар ҳимоя қилади:
Шорт-трек: Даниил Ейбог ва Денис Айрапетянц;
Конькида югуриш: Данила Семериков;
Тоғ чанғиси: Медет Назаров, Арман Гаюпов, Никита Горковский, Сабина Режепова, Валерия Ковалёва, Ксения Григорьева, Мария Морозова;
Чанғи альпинизми: Моҳинур Аралова, Феруза Бобоқулова, Эъзоза Шаймарданова, Асила Шойимова, Жасур Шамсиддинов, Мақсудхон Акобиров, Шоҳрух Сардоров, Эъзозбек Хушвақтов.
Фигурали учиш: Екатерина Гейниш, Дмитрий Чигирев, Нигинабону Жамолиддинова, Севинч Раҳимова;
Биатлон: Ролан Раимқулов, Дилмурод Абдураҳмонов.
Қайд этилишича, Ўзбекистон спортчилари учун «Ҳарбин-2025» ўйинлари 2026 йилги қишки Олимпиада ўйинларига тайёргарликнинг муҳим босқичи саналади.
Айнан мазкур ўйинлар орқали 2026 йил Милан ва Кортина-д’Ампеццо шаҳарларида (Италия) бўлиб ўтадиган XXV қишки Олимпия ва XIV Паралимпия ўйинларида мамлакатимиз атлетлари қайси спорт турлари бўйича йўлланмалар учун кураш олиб бориши ойдинлашади.
Анжуманда қишки спорт турлари бўйича фаолият кўрсатаётган спорт федерация ва ассоциацияларнинг иш тизими танқид қилиниб, келгусида ушбу йўналишни таҳлилий кўриб чиқиш лозимлиги билдирилди.
Эслатиб ўтамиз, қишки Осиё ўйинларининг расмий очилиш маросими 7 февраль куни ташкил этилади. Ўйинлар 14 февралга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА