Ўрганишлар якунлари сарҳисоб қилинди

220

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партиясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари ҳамда фракция фаолиятига оид масалалар кўриб чиқилди.

Дастлаб йиғилишда фракция аъзоларининг ўтган бир ҳафта давомида ҳудудлардаги ўрганишлари натижалари муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, фракция аъзолари партиявий ғоялардан келиб чиқиб, туризм, тарихий обидаларни сақлаш ҳамда маҳаллий тадбиркорлар фаолияти билан боғлиқ масалаларни ўрганди. Сайловчилар билан учрашиб, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш чораларини кўрди.

Аниқланган аксарият муаммолар жойида ҳал қилинган бўлса, айримлари юзасидан тегишли мутасаддиларга, вазирлик ва идораларга депутатлик сўровларини юбориш, айримларини эса қонунчиликка ўзгартириш киритиш орқали бартараф этиш мақсадида таклифлар тайёрланди.

Масалан, чимбойлик Миваш Тореназарова қорақалпоқ халқининг миллий ўтови – «Қора уйлар» учун махсус безаклар тайёрлаш билан шуғулланиб, буюртмалари кўплигидан 35 нафар шогирдини ишга жалб қилишга эҳтиёжи бор. Лекин уйи торлик қилаётгани сабабли қўшимча бино зарур. «Устоз-шогирд» анъанаси бўйича ҳунар ўрганаман деган қизлар ҳам кўп. Ҳунарманд фаолиятини ўрганган депутат Руслан Жумамуратов бу масалани Чимбой тумани ҳокими кўмагида ҳал қилишга киришди.

Қоракўл тумани Қуввача маҳалласида бўлган депутат Жаҳонгир Ширинов эса аҳоли билан мулоқотларда фуқароларнинг ички йўлларни таъмирлаш, симёғочларни янгилаш, ариқларни бетонлаштириш, спорт турлари бўйича мураббий жалб қилиш, Тошкент-Олот йўналишидаги поезд қатновини кўпайтириш ва бу орқали чипта тақчиллигини камайтириш каби масалалардаги мурожаатларини тинглади. Билдирилган муаммоларнинг бир нечтасини ҳал қилишга эришди.

Йиғилишда бу каби амалий ўрганишлар ҳар ойда ташкил этилиб, фуқаролар билан мулоқот қилиниши ўз самарасини бериши таъкидланди. Ўрганишларни ташкил этишда партиянинг ҳудудий ташкилотлари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари билан ҳамкорлик масалаларига ҳам эътибор қаратиш лозимлиги айтилди.

Шунингдек, йиғилишда муҳокама қилинган қонун лойиҳалари бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

М.Комилова, ЎзА