Миллий инвестиция жамғармаси активларини “Franklin Templeton” компанияси бошқаради

223

Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция жамғармаси ва дунёдаги йирик молиявий компаниялардан бири бўлган “Franklin Templeton Asset Management” МЧЖ ХК ўртасида инвестиция активларини ишончли бошқариш бўйича шартнома имзоланди.

Мазкур келишув Ўзбекистонда иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро инвесторларни жалб этиш мақсадида амалга оширилмоқда. Унга кўра, “Franklin Templeton Asset Management” МЧЖ ХК 18 та давлат корхонаси ва тижорат банки акцияларидан иборат инвестиция портфелини бошқаради ҳамда уларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш учун трансформация дастурларини амалга оширади.

Миллий инвестиция жамғармаси Президентимизнинг тегишли қарори билан  2024 йил 24 декабрда рўйхатдан ўтказилган. Унинг капитали давлатга тегишли 18 та корхона ва тижорат банкининг 20-40 фоизгача акциялари эвазига шаклланади. Жамғармани Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқаради.

“Franklin Templeton” жаҳондаги энг йирик молиявий компаниялардан бири бўлиб, 1947 йилда АҚШда ташкил этилган. Ҳозирда у 30 тадан ортиқ мамлакатда фаолият юритади.

Ўзбекистон билан тузилган шартнома асосида “Franklin Templeton” давлат корхоналари ва банклар стратегиясини қайта кўриб чиқади, корпоратив бошқарувни такомиллаштиради ва инвестициявий муҳитни ривожлантиришга ҳисса қўшади.

Трансформация жараёнларидан сўнг Миллий инвестиция жамғармаси ҳамда унинг бошқарувидаги корхоналар ва банклар акциялари маҳаллий ҳамда халқаро фонд биржаларида сотувга чиқарилиши режалаштирилган.

“Franklin Templeton” каби нуфузли компаниянинг Ўзбекистонда иш бошлаши хорижий инвесторларнинг мамлакатга бўлган ишончини мустаҳкамлайди ва янги инвестицияларни жалб қилишга хизмат қилади.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади,

ЎзА