1 февралдан қонунчиликда қандай ўзгаришлар кучга киради?

160

2025 йил 1 февралдан қонунчиликда бир қатор ўзгаришлар кучга киради. Хусусан, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оналар учун «Оналар маскани» хизмати йўлга қўйилади, ишсиз ва камбағал оилалар аъзолари талаб юқори бўлган касбларга ўқитилади, ижтимоий карта орқали спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари учун тўловни амалга ошириш тақиқланади ва бошқалар…

1 февралдан миллий қонунчиликда қуйидаги ўзгаришлар кучга киради:

Оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оналар учун «Оналар маскани» хизмати йўлга қўйилади

«Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонига кўра, 2025 йил 1 февралдан оғир ҳаётий вазиятда ва яқин қариндошлари кўмагисиз қолганлиги натижасида фарзандини тарбиялашдан воз кечмоқчи бўлган оналар, шу жумладан, ҳомиладор аёллар учун болалар уйларида «Оналар маскани» хизмати йўлга қўйилади.

«Оналар маскани»да:

— оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оналар ва уларнинг болалари (4 ёшга тўлмаган) 1 йилгача бўлган муддатга ижтимоий шартнома асосида вақтинча бошпана билан таъминланади;

— оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оналарга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий хизматлар кўрсатилади, уларда оналик ва касбий кўникмалар шакллантирилади;

— «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оналарнинг касб-ҳунар эгаллаши ва бандлигини таъминлашга кўмаклашади.

30 ёшга тўлган фуқароларга оилавий болалар уйини ташкил этишга рухсат берилади

Юқоридаги фармонга кўра, 2025 йил 1 февралдан:

— оилавий болалар уйини ташкил этиш учун оиланинг эр ва хотиндан иборат тўлиқ оила бўлиши талаби бекор қилинади;

— 30 ёшга тўлган фуқароларга оилавий болалар уйини ташкил этишга рухсат этилади;

— ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар оилага тарбияга (патронат) фақат уларнинг қариндошларига берилади;

— етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг яшаш харажатлари, оилавий болалар уйини ташкил этган фуқароларга болани тарбиялагани (парваришлагани) учун ажратиладиган маблағлар тарбияланувчилар умумий ўрта, ўрта махсус ва бошланғич профессионал таълим муассасаларини тамомлагунига қадар берилади.

«1070» қисқа рақанли «Ишонч телефони» фаолияти йўлга қўйилади

«Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашда «ижтимоий карта» тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ҳукумат қарорига кўра, 2025 йил 1 февралдан ижтимоий картани муомалага чиқариш ва фойдаланиш учун тақдим этиш масалалари бўйича Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ахборот-маълумотнома хизматларини кўрсатувчи «1070» қисқа рақамли ва тун-у-кун фаолият кўрсатадиган хизмати («Ишонч телефони») фаолияти тест режимида йўлга қўйилади.

Шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалари учун ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича «Ишонч телефони» орқали бепул СМС-хабарнома юбориш тартиби жорий этилади. Бунда юбориладиган СМС-хабарномалар ижтимоий ахборот ҳисобланади.

Бундан ташқари, фуқаролар билан уларнинг ижтимоий ҳимояга доир ҳуқуқларини амалга ошириш ва давлат томонидан амалга оширилаётган ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари юзасидан доимий ва манзилли мулоқот ўрнатилади.

Айрим чет эл юридик шахслари фойда солиғидан озод этилади

«Рақамлаштириш соҳасида экспорт фаолияти билан шуғулланувчи корхоналарни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармонига кўра, 2025 йил 1 февралдан 2030 йил 1 январгача экспорт хизматлари ҳажми календарь йил давомида 10 миллион АҚШ долларидан ошган IT-парк резидентларига ахборот технологиялари соҳасидаги хизматларини кўрсатган, Ўзбекистон билан иккиёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисида битим тузилмаган давлатларнинг юридик шахслари ушбу календарь йил якунигача фойда солиғидан озод этилади.

Айрим жисмоний шахслар даронад ҳамда фойда солиғини 5 фоиз ставкада тўлайди

Юқоридаги фармонга кўра, 2025 йил 1 февралдан 2040 йил 1 январгача жами даромади таркибида экспорти ҳажми 50 фоиздан ортиқ бўлган IT-парк резидентларининг таъсисчилари (иштирокчилари) – Ўзбекистон норезидентлари бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг дивидендлар тарзидаги даромадларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда фойда солиғининг 5 фоиз ставкаси татбиқ этилади.

Ишсиз ва камбағал оилалар аъзолари талаб юқори бўлган касбларга ўқитилади

«2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига кўра, 2025 йил 1 февралдан Касбий кўникмалар марказларида иш берувчилар буюртмаси ва тижорат банклари мижозлари эҳтиёжи асосида ишсиз аҳолини, шу жумладан, камбағал оилалар аъзоларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга манзилли ўқитиш тизими жорий этилади.

Касбга ўқитилаётган камбағал оилаларнинг ишсиз аъзоларига стипендия тўланади

Мазкур фармонга кўра, 2025 йил 1 февралдан касбларга ўқитиш мақсадида ажратиладиган стипендиялар ногиронлиги бўлган шахсларга, шунингдек, муддати 3 ойдан кўп давом этадиган ўқув курсларига қабул қилинган Камбағал оилалар реэстридаги оилаларнинг ишсиз аъзоларига тўланади.

Ижтимоий карта орқали спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари учун тўловни амалга ошириш тақиқланади

«Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашда «ижтимоий карта» тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ҳукумат қарорига кўра, 2025 йил 1 февралдан ижтимоий карта орқали тўланган нафақа, компенсация ва бошқа тўловлар (ижтимоий тўлов) маблағларидан ижтимоий тўловларни олувчи оилаларнинг аъзолари, Камбағал оилалар реэстрига киритилган оилаларнинг аъзолари ҳамда охирги 12 ой давомида «Ижтимоий ҳимоя ягона реэстри» ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилаларнинг аъзоларига спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари учун тўловни амалга ошириш, шунингдек, тадбиркорлар томонидан ушбу маҳсулотлар учун тўловни қабул қилиш тақиқланади.

Давлат боғчаларида ходимларнинг давомати «Болалар боғчаси» АТ орқали юритилади

«Мактабгача таълим тизимини рақамлаштириш ва мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ҳукумат қарорига кўра, 2025 йил 1 февралдан тажриба-синов тариқасида 2025 йил 1 февралдан Тошкент шаҳридаги, 2025 йил 1 июлдан эса қолган барча давлат МТТларида ходимлар ва тарбияланувчиларнинг электрон давоматини юритиш, иш вақти табелини шакллантириш, тарбияланувчиларнинг озиқ-овқат харажатларини натура шаклида ҳисоблаш, ота-оналар тўлови ҳамда бошқа тўловлар «Болалар боғчаси» ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Умидон Қурбонов тайёрлади, ЎзА