Ўзбекистон ва Германия таҳлил марказлари аграр соҳада тадқиқотлар бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳамда Германиянинг Лейбниц қишлоқ хўжалигини ривожлантириш институти (IAMO) ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Шартнома илмий ҳамкорликни ривожлантириш, билим алмашиш ва аграр соҳадаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Марказ директори Обид Ҳакимов Ўзбекистонда амалга оширилаётган фаол ислоҳотлар шароитида мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсишишни таъминлашда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги самарадорлик кўрсаткичларини ошириш ва бу борада илмий изланишларни кенгайтиришга зарурат ортиб бораётганини таъкидлади. Республикада қишлоқ хўжалигининг рақобатбардошлигини ошириш ва инновацион технологияларни жорий этишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
IAMO директори Томас Херцфельд ушбу ҳамкорлик Европа ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим қадам эканини қайд этди. Унинг қўшимча қилишича, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва қишлоқ хўжалиги сиёсатини оптималлаштириш бўйича замонавий ечимларни ишлаб чиқишга имкон беради.
Ҳамкорлик доирасида билим ва тажриба алмашиш, мутахассислар учун семинар ва тренинглар ташкил этиш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш ва ҳукумат учун тавсиялар ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Томонлар ушбу ҳамкорлик Ўзбекистонда аграр секторни барқарор ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва аҳоли турмуш даражасини оширишга кўмаклашиш имконини беришига ишонч билдирмоқда.
Маълумот учун: IAMO – қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоқларида иқтисодий трансформация жараёнларини ўрганувчи етакчи Германия тадқиқот институти. Унинг фаолияти қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш бўйича самарали сиёсат ва стратегияларни ишлаб чиқиш мақсадида ўтиш даври иқтисодиёти давлатларини, шу жумладан, Марказий Осиё мамлакатларини ўрганишга қаратилган.
Моҳигул Қосимова, ЎзА