Дзюдо: “Катта дубулға” турнирида Ўзбекистон эътироф этилди

199

Франция пойтахти Париж шаҳрида дзюдо бўйича ўтказилган йилнинг илк нуфузли мусобақаси бўлган “Катта дубулға” турнири давомида Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) томонидан 2024 йилнинг энг яхшилари эълон қилинди.

Келдиёрова ва мураббий Шпиттка – 2024 йилнинг энг яхшилари 

Париж шаҳрига жам бўлган жаҳон дзюдочилари, федерациялар, мураббийлар учун ҳаяжонли кечган тақдирлаш жараёнида Ўзбекистон номи бот-бот тилга олинди.

Хусусан, дзюдо бўйича «Париж-2024» олтин медали соҳибаси Диёра Келдиёрованинг Олимпиадада япониялик Ута Абе устидан қозонган ғалабаси “Йил воқелиги” номинациясинини, Ўзбекистон терма жамоасида ўзига хос натижаларни қайд этган германиялик мураббий Марко Шпиттка “Аёллар терма жамоаларининг энг яхши мураббийи” номинациясини қўлга киритди.

Тақдирлаш маросимида кенг жамоатчилик, тадбирни онлайн тарзда кузатиб борган миллионлаб дзюдо ишқибозлари олдида чиқиш қилган Келдиёрова ва мураббий Шпиттка Ўзбекистонда маҳоратли спортчиларни тайёрлашга, дзюдо спортини кенг оммалаштиришга кўрсатилаётган алоҳида эътибор ҳақида тўхталиб ўтди. Эътибор ва эътироф учун Халқаро дзюдо федерацияси мутахассисларига, минг-минглаб дзюдо ишқибозларига миннатдорлик билдирди.

Шаҳрамнинг олтини, Ботуровнинг бронзаси, Ўткирнинг шашти

Бевосита мусобақа тафсилотларига тўхталадиган бўлсак, кеча маҳоратли дзюдочимиз Шаҳрам Аҳадов -73 килограмм вазнда олтин медалга сазовор бўлган вазиятда -60 килода ўз омадини синаб кўрган Баҳром Ботуров саралаш мусобақаларида Озарбайжон ва Ангола давлати вакилларини мағлуб этди. Ярим финалга чиқиш беллашувида франциялик Ромен Валадье Пикарга имкониятни бой берди.

Ўз навбатида, Франция вакили олтин медални қўлга киритган бўлса, бронза медали йўлидаги курашларда икки нафар Француз дзюдочиларини доғда қолдирган Ботуров 3-ўринга эга чиқди.

“Катта дубулға” турнирининг +100 килограммида қатнашган терма жамоамиз аъзоси Ўткирбек Тўрабоев саралаш беллашувларини муваффақиятли ўтказди. Чорак финал остонасида 3-ўринга даъвогарлик ҳуқуқига эга бўлди. Бироқ бронза медали учун ўтган илк баҳсда япониялик Юта Накамурага йўл бериб, 7-ўрин билан кифояланди.

Мукофот жамғармаси 154 минг евродан иборат халқаро турнир сарҳисобига кўра, 1 та олтин, 1 та бронза ва Ўткирбек Тўрабоевнинг 7-ўринни эгаллаши ортидан 50 та давлат орасида Ўзбекистон терма жамоаси кучли еттиликдан жой олди.

Т.Рўзиев, ЎзА