Трaмп молиявий бошқарувни Маскка топширадими?

203

Дональд Трамп маъмурияти Илон Маск жамоасига алоқадор ғазначилик амалдорларига триллионлаб долларлик тўлов амалга ошириладиган федерал тизимга кириш учун рухсат бериш режасини тасдиқлади.

Ғазначилик котиби Скотт Бессент департаментда ишлаётган, Маскнинг DOGE гуруҳи билан ҳамкорлик қиладиган “Cloud Software Group” бош директори Том Краус бошчилигидаги жамоа билан келишув имзолади. Бу ҳақда “Politico” хабар берган.

Йирик молиявий ва тўлов амалиётини назорат қилган кўп йиллик мансабдор Девид Лебрик кутилмаган ушбу янгиликдан сўнг Трaмп расмийлари билан тўқнашувга дуч келгач, истеъфо беришини эълон қилди.

Дарвоқе, мазкур тизим ижтимоий суғурта ва грант олувчилар, солиқни қайтариш ҳуқуқига эга шахслар, шунингдек федерал ишчилар, давлат пудратчиларига ажратиладиган тўловларни назорат қилади.

Маск ўзи бошчилигидаги ҳукумат самарадорлигини оширишга хизмат қиладиган гуруҳ фаолияти Ғазначиликнинг америкаликларга йўналтириладиган маблағ устидан назоратни кучайтириш, фирибгарлик билан ёки ноқонуний амалга ошириладиган тўловларни чеклашга қаратилганини айтди.