
“Халқаро минбар” лойиҳасида Ўмоннинг транспорт соҳасида, жумладан, денгиз агентликлари, юк ташиш ва логистика хизмати билан шуғулланувчи “Sharaf Group” компанияси директори ёрдамчиси Талал Хамис Ал-Ҳадидий Ўзбекистонга ташрифи давомида олган таассуротлари билан ўртоқлашади.
– Ўмон Султонлиги Савдо-саноат палатаси Жанубий Аш-Шарқия муҳофазасидаги бошқармаси раиси Анвар Ҳамид Ал-Сананий бошчилигидаги 30 га яқин тадбиркордан иборат делегация таркибида юртингизга ташриф буюриб, эртакнамо жозибадорлик, меҳмондўстликдан ташқари икки мамлакат ўртасидаги экспорт-импорт салоҳиятини ошириш, бизнес учун янги имкониятлар яратиш орқали ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар эътиборимизни тортди. Ўзбекистон сайёҳлик йўналишлари бой, бетакрор маданий ва тарихий меросга асосланган ноёб туризм манзиллари билан жаҳон бозорига жадал чиқмоқда.

Тошкентнинг энг диққатга сазовор жойларидан бири – Ҳазрати Имом мажмуасида бўлганимизда “Қаффол Шоший” мақбараси, XVI асрда қурилган “Бароқхон” ва “Мўйи Муборак” мадрасалари, “Номозгоҳ” ва “Тилла Шайх” жоме масжидлари бизни эртакларнинг нурли оламига чорлагандек бўлди.
Айниқса, ўрта асрлар Самарқанд-Ҳирот меъморчилиги услубида қурилаётган бино – Ислом цивилизацияси марказининг ҳайбатли гумбази эътиборимизни тортди. “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс даври”, “Иккинчи Ренессанс даври”, “Ўзбекистон XX асрда”, “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс” бўлимларини томоша қилдик. Шундан сўнг мажмуага яна такрор келиш ниятини дилимизга тугиб, ушбу табаррук заминдан илм-маърифат ўчоғи – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтига йўл олдик.
Мазкур даргоҳ қадимий қўлёзмалар ва тарихий ҳужжатлардан иборат маданий хазина сифатида илмга бефарқ бўлмаган ҳар қандай кишини беихтиёр тўлқинлантиради.

Тарихга назар ташласак, марҳум Султон Қобус бин Саид муассасанинг ҳозирги биносини қуришда фаоллик кўрсатганига гувоҳ бўламиз. Бу Ҳазрати олийларининг дин, фиқҳ, тарих, астрономия, математика каби фанларга меҳри, шу юртдан етишиб чиққан олимларга ҳурмат-эътибори рамзи эди. Қолаверса, лойиҳа Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги мавжуд маданий ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам ҳисса қўшган. 2018 йил март ойида институт янги биносининг очилиш маросимида иштирок этган Ўмон делегациясига Султон Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид раҳбарлик қилган. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти, ЮНЕСКО ташкилоти ва араб давлатлари элчихоналари вакиллари, мамлакатдаги ихтисослашган олий ўқув юртлари, архив ва илмий муассасалар масъуллари иштирок этгани хорижий матбуотда ҳам кенг ёритилган эди.
Илм маскани бўйлаб экскурсия асносида биз ҳам бой қўлёзмалар фонди билан танишдик, реставраторлар, материаллар электрон нусхасини тайёрловчи мутахассислар ишини кузатдик. Нодир манбалар, тошбосма китоблар, миниатюралар, хаттотлик намуналари ва бошқа турли тарихий ҳужжатлар, коллекцияларнинг энг яхши намуналари тўпланган кўргазма барчада беқиёс таассурот қолдирди.

Ўзбек халқининг улуғ аждодлари томонидан яратилган, бугунги маърифатли дунёни ҳайратга солиб келаётган илмий мерос нафақат бир миллат ва халққа, балки бутун инсониятга дахлдор маънавий меросидир. Ушбу бебаҳо бойлик, шубҳасиз, янги авлодлар учун билим, донолик хазинаси бўлиб хизмат қилади.
Зеро, қадимдан жаҳон илм-фани, ислом цивилизацияси ривожига ўз асарлари, умрбоқий таълимоти, инсоният тараққиётига хизмат қилувчи эзгу ғоя ва кашфиётлари билан улкан ҳисса қўшган алломалар мероси ҳар қандай сайёҳни мудом ҳайратга солаверади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА