Дунё хабарлари қисқа сатрларда

–
Аҳмад Ал-Шараъ: Сурия жамиятнинг барча қатламини қамраб олувчи ҳукумат тузади

Суриянинг янги ҳукумати таркибига жамиятининг барча қатламлари вакиллари киради, деди мамлакатнинг ўтиш даври Президенти Аҳмад Ал-Шараъ.
Сурия давлат ахборот агентлиги Ал-Шараъ сўзларидан иқтибос келтирган:
– Биз барча сурияликлар вакиллари, жумладан эркаклар ва аёллар бўладиган ўтиш даври ҳукуматини шакллантириш устида ишлаймиз. Ҳукумат эркин ва адолатли сайлов босқичи келгунига қадар янги давлат институтлари барпо этиш, сиёсий жараён қонун устуворлиги доирасида олиб борилишини таъминлаш учун жавобгар бўлади.
Шунингдек, етакчи барча ҳудудларни назорат остига олиш, фуқаролар тинчлигини таъминлаш, халққа қарши жиноятда иштирок этганларнинг ҳаммасини жазолашга эътибор қаратишини билдирди.
ЕИ Қозоғистонни РФга қарши санкцияга қўшилишга ундамайди

– Қозоғистон санкцияни қабул қилиши талабини қўймаймиз, – деди Европа Иттифоқининг санкция масаласи бўйича махсус вакили Дэвид О`Салливан Остонага ташрифи чоғида. – Россия Федерацияси ва Қозоғистон ўртасидаги қонуний савдо муносабатига аралашиш ёки бирор усулда бу алоқаларни бузишга интилиш ниятимиз йўқ. Бизни ташвишлантираётган жиҳат шуки, айрим нопок бизнес вакиллари Қозоғистонни санкцияни четлаб ўтиш учун майдон сифатида кўриши ва ушбу вазиятдан фойдаланиши мумкин.
Шу аснода у қўшни республиканинг айрим компаниялари ЕИ томонидан жорий қилинаётган навбатдаги, 16-санкция рўйхатига киритилиши мумкинлигини ҳам қўшимча қилди.
АҚШда самолёт билан тўқнашган вертолётни аёл бошқарган

Вашингтондаги Рональд Рейган номли халқаро аэропорт яқинида “American Airlines” йўловчи самолёти билан тўқнашиб кетган “Black Hawk” вертолётини 500 соатлик парвоз тажрибасига эга аёл учувчи бошқарган экан. Бу ҳақда ABC табиий офатлар бўйича Бирлашган қўмондонлик марказида ишлайдиган собиқ учувчи Жонатан Козиолга таяниб ахборот берган.
Аввалроқ шу телеканал вертолёт экипажи минглаб парвоз соатига эга малакали мутахассислар эканлигини маълум қилганди.
Янги маълумотларга кўра, парракли учоқда уч нафар ҳарбий хизматчи – йўриқчи, учувчи ва муҳандис бўлган. Йўриқчи 1000 соатдан кўп, учувчи 500 соатдан ортиқ учган. Борт муҳандиси ҳам бунгача юзлаб соатни самода ўтказган.
Швеция Украинага 1,2 миллиард доллар ажратади

Швеция мудофаа вазири Пол Йонсон матбуот анжуманида ушбу мамлакат Украинага яна 1.2 миллиард доллар кўмак беришини эълон қилди. Россия билан уруш бошлангандан бери Стокгольм Киевга 18 марта молиявий ёрдам берган. Фақат бу галгиси энг кўпи. Мулозимнинг сўзларига кўра, ҳозирги маблағ Швеция Украинани узоқ муддат қўллаб-қувватлашга тайёрлигини тасдиқлайди.
8 компонентдан иборат ёрдам тўплами янги ускуналар, жумладан Швеция ва Европанинг бошқа мудофаа компаниялари маҳсулотини сотиб олиш кўзда тутилган муҳим мақсадларга йўналтирилади.
Қозоғистон Бош вазири Эрон вице-президенти билан учрашди

Олмаотада бўлиб ўтган Евросиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилишида Қозоғистон Бош вазири Ўлжас Бектенов ва Эрон вице-президенти Муҳаммад Ризо Ориф ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Музокара чоғида савдо-иқтисодий ҳамкорликни, жумладан, транспорт, логистика ва сармоявий йўналишда чуқурлаштириш масаласи муҳокама қилинди. Давлат раҳбарлари томонидан белгиланган ўзаро товар айирбошлаш миқдорини 3 миллиард долларга етказиш мақсадига алоҳида эътибор қаратилди.
Ғазо АҚШ ва Саудия Арабистони ёрдамида тикланади

Фаластин маъмурияти Бош вазири Муҳаммад Мустафо “Bloomberg” агентлигига АҚШ ва Саудия Арабистони кўмагида Ғазони қайта қуриш режалаштирилаётганини айтди. Таъкидланишича, бунинг учун ХАМАСни ҳокимиятдан четлатиш ва Исроил қўшинини сектордан олиб чиқиш керак.
Мустафо Трамп маъмурияти билан бўлажак ҳамкорлик ҳақида ижобий фикр билдирди. “Минтақавий можарога барҳам берадиган мувозанатли келишувга эришишда Вашингтоннинг ёрдамига ишониш учун асослар борлиги”ни таъкидлади.
Ғазо аҳолисини бошқа мамлакатларга кўчириш масаласига доир саволларга жавоб бераркан, ҳукумат етакчиси бу режада йўқлиги, чунки фаластинликлар ўз юртида қолишга аҳд қилганини тасдиқлади.
Анталияда 50 та меҳмонхона ёпилди, Истанбулда ҳам кенг кўламли текширув

Туркия ҳукумати Болудаги тоғ-чанғи курортида юз берган фожиа ортидан меҳмонхона бизнесида кенг кўламли текширувни давом эттирмоқда. Анталияда лицензия йўқлиги ва хавфсизлик талабига риоя қилмаслик билан боғлиқ қоидани бузган 50 меҳмонхона фаолияти аллақачон тўхтатилган.
Текширув турли идоралар, жумладан Туризм вазирлиги билан келишилган ҳолда олиб борилмоқда.
Худди шундай чоралар Истанбулда ҳам кўриляпти. Шаҳар губернатори Довут Гул рухсатномасиз, ноқонуний ишлаётган ҳар қандай меҳмонхона ҳафта охиригача ёпилишини маълум қилди. Расмийлар қарор ижросини ортга суриш ниятида эмас.
АҚШ Тайваннинг материк Хитойга тинч йўл билан қўшилишига қарши эмас

– Тайвань атрофидаги вазият қай йўсинда ривожланишидан қатъи назар, муаммо тинч йўл билан ҳал қилиниши муҳим, – деди АҚШ Ҳарбий денгиз флоти амалиёт, режалаштириш ва стратегия бўлими бошлиғи ёрдамчиси, контр-адмирал Бен Никольсон Атлантика кенгаши конференциясида сўзга чиқиб. – Агар орол аҳолиси Хитой билан интеграцияни хоҳласа ва бу жараён тинч йўл билан амалга ошса, майли. Ҳамма тинчлик ва барқарорликни хоҳлайди. Ҳеч кимга ортиқча можаро керак эмас.
С.Раҳимов, ЎзА