Адабиётнинг янги поэтик йўлга чиқишида Зулфиячи қизларнинг ҳиссаси катта

288

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Зулфияхоним қизлари” клубининг ҳисобот-анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, таниқли шоира Фарида Афрўз ва бошқалар Зулфия номидаги Давлат мукофоти истеъдодли қизларни янгидан-янги марралар сари чорлашда, уларнинг фаолиятини халқимизга кенгроқ таништиришда, ҳар жиҳатдан рағбатлантиришда катта аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Анжуманда Зулфияхоним издошларининг адабиёт йўналиши бўйича фаолият олиб бораётган вакиллари ижоди хусусида батафсил сўз юритилди.

–Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган қизлар наинки шоира, балки истеъдодли ташкилотчи сифатида ҳам халқимиз ва жамиятимизга фойдаси тегиши керак деб ўйлайман, – деди Ўзбекистон Қаҳрамони, академик, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров. – Аслида уларнинг ижодини Зулфияхоним, Ойдин Ҳожиева, Ҳалима Худойбердиева сингари улуғвор шоираларимиз очиб беришлари керак эди. Гулжамол, Меҳриноз, Ҳулкар, Сарвиноз, Рухсора, Мадина, Феруза, Моҳира, Юлдуз ва яна кўплаб Зулфиячи қизларимизнинг ижодини ўрганиб, уларга қойил қолмасликнинг, ҳайратланмасликнинг иложи йўқ. Уларнинг ижодида поэтик фантазия, келажакка теран нигоҳ ташлаш ниҳоятда кучли эканини кузатиш мумкин. Бу ижоддан баҳраманд бўлган инсон жуда мўъжизакор оламларга дуч келиш мумкин.

Улар адабиётнинг янги қонуниятлари, қоидаларини топишга интилмоқдалар. Зулфиячи қизларга ҳозирги танқидчиларнинг қудрати етиши қийин. Қизларимиз ўз ижодида ўзларининг янги қиёфаларини яратишга интилмоқда.  Адабиётнинг янги поэтик йўлга чиқишида Зулфиячи қизларнинг ҳиссаси катта. Қизларимиз шу йўлдан изчил борсалар, кейинги ўн йил ичида адабиётнинг янги йўлларини ўзларига бўйсундиради, тобе этади, очади. Уларнинг ижодини келажак адабиётига қилинган ўзига хос разведка сифатида ҳам аташ мумкин.

–  Мен 2024 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофотига адабиёт йўналиши бўйича сазовор бўлганман, – деди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика ва ўзбек филологияси факультети магистранти Моҳира Эшпўлатова.– Асосан насрда ижод қиламан. “Олов рақси” ва “Қирқ биринчи кун” номли ҳикоялар тўпламларим китоб ҳолида нашр этилган. Бугунги учрашувда устозларимиз бизнинг ижодимизга жуда юқори баҳо беришларидан кўнглимиз осмон қадар юксалди. Билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қиламан. Бундай учрашувларда Зулфияхоним қизларининг бир жойга тўпланиши жуда муҳим. Негаки, бу каби  учрашувлар ўзаро фикр алмашиш, дийдорлашув имконини берди. Зулфиячи қизлар адабиётни янгилайди, деб таъкидладилар. Бу биз учун жуда юксак эътироф. Ана шундай баҳога муносиб бўлишга ҳаракат қиламиз.

Адабий учрашувда Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган қизларнинг ижод йўли хусусида батафсил сўз  юритилди. Келгусидаги режалар белгилаб олинди.

Назокат Усмонова,  

ЎзА мухбири