Ўзбекистон оғир атлетика федерациясига раис сайланди

281

Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон оғир атлетика федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул вакили Камил Баязитов, Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Тошматов, шунингдек, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раёсат аъзолари ва терма жамоа мураббийлар штаби ҳамда спортчилар иштирок этди.

Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан спорт вазири ўринбосари, мамлакат оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шахрилло Маҳмудов сўзга чиқиб, якунланган йилда амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар тўғрисида батафсил маълумот берди. «Лос-Анжелес-2028» ёзги Олимпия ўйинларига кўрилаётган тайёргарлик режаларига тўхталди.

Шундан сўнг, федерацияга янги раҳбар тайинлаш масаласи кўриб чиқилди. Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси Ижроия қўмитаси ташкилот раислигига Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов номзодини илгари сурди.

Билдирилган фикр-мулоҳазаларга асосан йиғилиш иштирокчилари томонидан Шерзод Ҳидоятов мамлакат оғир атлетика федерацияси раиси этиб сайланди.

Ҳисобот-сайлов конференцияси давомида 2024 йил «Париж-2024» Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатида ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган спортчиларнинг бир гуруҳи Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси томонидан муносиб тақдирланди.

Йиғилиш сўнгида Шерзод Ҳидоятов 2028 йилги Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш даврида маҳоратли спортчиларни тайёрлаш, оғир атлетика спорт турини янада ривожлантириш борасида қилиниши керак бўлган вазифалар хусусида ўз фикрларини билдирди.

Т.Рўзиев,

ЎзА