АҚШ самолёти ҳалокати қурбонлари аниқланмоқда

Хорижий оммавий ахборот воситаларида Вашингтондаги Рональд Рейган номли халқаро аэропорт яқинида, Потомак дарёси узра тўқнашган самолёт ва вертолёт ҳалокатида ҳеч ким омон қолмагани таъкидланган.
CBS терговдан хабардор ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилига таяниб маълум қилишича, кеча авиаҳалокат содир бўлган жойда ишлаётган қутқарувчилар 40 кишининг жасадини топган.
– 40 инсоннинг танаси ва яна бир неча кишининг жасади бўлаклари топилди, – дея манбадан иқтибос келтирган телеканал. – Ҳалок бўлганларни қидириш кечаси тўхтатилиб, кундузи давом эттирилмоқда.
“NBC Washington” телеканали эса расмийларга таяниб, қутқарувчилар вертолёт саҳнидаги уч марҳум аскарни ҳам аниқлагани тўғрисида ахборот узатди.

Тасдиқланган маълумотга кўра, ҳаво кемасида 60 йўловчи ва экипажнинг тўрт аъзоси, вертолётда эса уч нафар пилот бўлган.
Фожиадан ҳеч ким омон қолмаганини Президент Дональд Трамп ҳам тасдиқлади. Оқ уй матбуот хизмати маълум қилишича, мамлакат раҳбари Федерал авиация маъмурияти (FAA)га зудлик билан Қўшма Штатларда авиация хавфсизлиги бўйича текширув ўтказиш буюрилган меморандумни имзолаган.
Назоратни кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракат доирасида Трамп FAA маъмурига ўринбосар тайинлаш қарорини ҳам маъқуллади. Таъкидланишича, ходим ёллашда малакали мутахассисларни саралашга алоҳида эътибор қаратилади.

Миллий транспорт хавфсизлиги кенгаши воқеа сабаблари тўлиқ аниқланмагунча, тергов давом эттирилишини маълум қилган.
Дарвоқе, Трамп ҳалокатга Байден жамоаси айбдорлигини ҳам эслатиб ўтди. Яъни, аввалги президент маъмуриятини хавфсизлик ҳисобига инклюзивликка ҳаддан зиёд эътибор бергани учун танқид қилди.
– АҚШнинг янги маъмурияти томонидан кўрилган чора-тадбирлардан бири хилма-хиллик, тенглик ва инклюзивлик сиёсати бекор қилинишидир, – деган у.
С.Раҳимов, ЎзА