Ўтган йилда юртимизда 2023 йилга нисбатан айрим ўткир респиратор касалликларнинг пасайиши кузатилди
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида республикада олиб борилаётган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда қўмита мутасаддилари, соҳаси мутахассислари иштирок этди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда аҳолининг миграция жараёни мисли кўрилмаган даражада ривожланмоқда. Табиийки, бу ҳол, ўз навбатида, республикамиз ҳудудига ўта хавфли юқумли касалликларнинг четдан кириб келиши ва тарқалиши хавфини оширади. Ушбу касалликларнинг юртимиз ҳудудига кириб келишининг олдини олиш мақсадида давлат чегараси ўтиш жойларида 53 та санитария карантин пунктлари фаолият кўрсатмоқда.
2024 йилда куйдирги касаллигини аниқлаш мақсадида куйдирги тупроқ ўчоқларидан республика бўйича 13 минг 326 та намуналар олиниб, текширилди.
2023 йилга нисбатан вирусли гепатит “В“ касаллигининг 32,8 фоизга, гепатит “С“нинг 0,15 фоизга, гепатит “А“ касаллигининг эса 5,2 фоизга камайиши кузатилди.
Ўтган йилнинг январ ойида қизамиқ билан касалланиш 5 минг 36 ҳолатда қайд этилган эди. Кўрилган чоралар, эмлаш ишларининг жадаллаштирилиши натижасида 2025 йилнинг январь ойида ушбу касалликнинг қайд этилиши 45 бараварга камайди.
Шунингдек, 2024 йилда 2023 йилга нисбатан айрим ўткир респиратор касалликлар: грипп 7,3 фоизга, ЎРВИ 6,6 фоизга пасайди.
Санитария-эпидемиология соҳасида бир нечта йўналишларда электрон рақамлаштириш тизими ташкил этилди. Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш мақсадида Юқумли касалликлар электрон мониторинги (YKEM) яратилди. Бунда юқумли касалликларнинг эпидемиологик назорати рақамлаштириш орқали такомиллаштирилади. Бундан ташқари “Электрон вакцина логистикасини бошқариш тизими” ишга туширилди. Бу, вакциналарни вилоятларга юбориш, вилоятлардан эса туманларга, туманлардан даволаш-профилактика муассасаларига сифатли ва совуқлик занжирига риоя қилган ҳолда етказилишини кузатишга имкон беради.
Анжуман сўнгида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Моҳигул Қосимова,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА