Ташқи дипломатия

ЎзА “Ташқи дипломатия” рукни орқали давлатимизнинг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари ва консуллик марказлари фаолияти билан яқиндан таништириш, элчиларимиз томонидан иқтисодий дипломатияни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилишда давом этади.
Япония. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Ҳайъати қарорига мувофиқ, таниқли япон қўшиқчиси ва созандаси Машу Комазаки “Ўзбек маданияти элчиси” этиб тайинланди.
Юртимизнинг кун чиқар мамлакатдаги элчихонасида бўлиб ўтган тақдирлаш маросимида элчи Муҳсинхўжа Абдураҳмонов томонидан Ўзбекистон ва Япония давлатлари ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, япон жамоатчиликни бой тарихий-маданий меросимиз билан яқиндан таништиришга қўшаётган муносиб ҳиссаси учун Машу Комазаки хонимга “Ўзбек маданияти элчиси” кўкрак нишони ва сертификати топширилди.

Шунингдек, элчихона ташаббуси билан Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) кўнгиллилари кўмагида пойтахт Токиодаги “Конан” умумий ўрта-таълим мактабида “Ўзбекистон – дунё илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган алломалар юрти” мавзусида очиқ дарс ташкил этилди.

АҚШ Савдо палатасида элчимиз Фурқат Сиддиқов Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар ўртасидаги иқтисодий ва бизнес алоқаларини мустаҳкамлаш масаласини муҳокама қилди. Учрашувда кончилик, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма каби муҳим соҳалардаги ҳамкорлик истиқболи, қўшма инвестиция ва савдо лойиҳалари кўриб чиқилди.
Янги имкониятлар яратувчи келишувга эришилгани, яъни Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича музокара муваффақиятли якунлангани алоҳида таъкидланди. АҚШ Савдо палатаси республикамизга инвестиция миқдорини янада кўпайтиришга тайёрлиги, жорий йил Тошкентга савдо миссияси ташрифи режалаштирганини билдирди.

Франция. Мамлакатимизнинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Нодир Ғаниев Париж мэри ўринбосари Арно Нгатча билан учрашиб, икки мамлакат пойтахтлари ҳамкорлигининг кенг истиқболи, шунингдек Париждаги элчихонамиз томонидан режалаштирилган қатор маданий, гастрономик ва спорт тадбирларини муҳокама қилди.

Буюк Британия. Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов Британиянинг “Haven High Academy” давлат таълим муассасаси ижрочи директори Остин Шеппард билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида мактаб раҳбари юртимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларнинг сифатли таълим олиши учун яратилаётган шароитларни юқори баҳолади.
Остин Шеппард “Haven High Academy” ҳозирги кунда Ўзбекистон томони билан бирга мактаблараро алмашинув дастури ишлаб чиқаётганини маълум қилди.
Томонлар келишувига кўра, бир ҳафта, ўн кун ёки икки ҳафталик дастурлар ташкил этилади. Лойиҳа таълим жараёни билан бирга қабул қилувчи мамлакатнинг маданий ва тарихий ёдгорликлари бўйлаб қисқа саёҳатларни ҳам қамраб олади. Дастлабки босқичда 5-15, кейинги даврда 20-30 нафар ўқувчи иштироки назарда тутилган.
– Мазкур дастур бизнинг ўқувчилар ва уларга ҳамроҳлик қилувчиларни Ўзбекистоннинг бой тарихи ва меъморчилиги билан яқиндан таништиради, – деди Остин Шеппард. – Шунингдек, ўзбекистонлик ўқувчиларга Буюк Британиянинг қизиқарли жойларига саёҳат қилиш имконини тақдим этади.
“Haven High Academy” давлатга қарашли таълим муассасаси бўлиб, Англиянинг Линкольншир графлигидаги Бостон шаҳарчасида жойлашган. Мажмуада айни пайт 1459 ўқувчи таълим олмоқда. Уларнинг аксарияти инглиз ва рус тилларида мукаммал сўзлашади.
Қатар. Элчимиз Ашраф Ходжаев Шайха Моза бинт Носир асос солган муассаса – “Ҳаммасидан устун таълим” жамғармаси янги бош директори Муҳаммад Саъд Ал-Кубаисий билан учрашиб, ўзаро шериклик салоҳиятини муҳокама қилди. Мулоқот давомида Ўзбекистонда таъсирчан ижтимоий лойиҳаларни илгари суриш учун “Замин” жамғармаси билан яқин ҳамкорликка умумий содиқлик яна бир бор тасдиқланди.
Шунингдек, Қатарнинг 1978 йил ташкил этилган иккинчи энг йирик туризм агентлиги – “Маннай Травел” Бош менежери Носируддин Шафиқ билан учрашувда элимизнинг бой туризм салоҳиятини намойиш этиш мақсадида ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди.
Диёримиз бетакрор маданияти, ноёб тарихий меъморчилиги билан қатарлик сайёҳларни жалб қилаётгани эътироф этилди.

Ўмон Султонлиги. Элчи Абдусалом Ҳотамов Ўмоннинг туризм ва инфратузилмани ривожлантириш билан шуғулланувчи етакчи инвестиция корхоналаридан бири – “Омран” бош директори Ҳошил Убайд Ал-Маҳрукий билан учрашув ўтказди. Ушбу компания Ўмонга сайёҳлар оқимини ошириш ва ноёб курортлар, турар-жой мажмуалари барпо этиш билан шуғулланади.
Мулоқот давомида асосий эътибор икки томонлама алоқа ўрнатиш ва ҳамкорликни тизимли ривожлантириш имконияти таҳлилига қаратилди.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА