Равон йўллар – тараққиёт мезони

280

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида умумий фойдаланишдаги 4 минг 177 километр автомобиль йўли бўлиб, шундан 664 километрини халқаро аҳамиятдаги, 964 километрини давлат аҳамиятидаги ҳамда 2 минг 549 километрини маҳаллий аҳамиятдаги йўл ташкил этади.

– Ўтган йил мобайнида мазкур йўлларни таъмирлаш ва ободонлаштириш борасида бир қанча ишлар амалга оширилди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи Умрбек Матназаров. – Хусусан, Президентимизнинг 2022 йил 30 декабрдаги “2023 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Осиё тараққиёт банки иштирокида Қўнғирот тумани ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятдаги А380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” автомобиль йўлида 240 километрли цемент-бетон қопламали янги йўл барпо этилди.

2024 йилда 353,7 миллиард сўм маблағ эвазига умум-фойдаланишдаги 534,3 километр автомобиль йўли ва 17 та кўприк таъмирланди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 декабрдаги “2024 – 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 9 та объектда 115,7 миллиард сўмлик қайта қуриш ишлари бажарилди. Ушбу автомобиль йўлларининг жами 34 километр қисми, А-380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” автомобиль йўлининг 753 ва 698 километр қисмида вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилиш пунктларини қуриш ва замонавий техник воситалар билан жиҳозланиб ишга туширилди. Жорий йил учун Осиё тараққиёти банки иштирокидаги А-380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” автомобиль йўлининг 673-698 километр (25 км) қисмини цемент-бетон қопламаси билан реконструкция қилиш лойиҳаси ва ушбу йўлнинг Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл, Элликқалъа, Беруний туманларини боғловчи 581-673 километр қисмида қурилиш ишлари бошланади.

Қорақалпоғистон Республикасида 14 та кўприк ва 497,3 километр узунликдаги йўлларни республика бюджети ҳисобидан жорий таъмирлаш, куз-қиш мавсумида сақлаш ишларини бажаришга, йўл бўйларини кўкаламзорлаштириш ишларига 214,2 миллиард сўм маблағ ажратилди. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида ва кўприкларда содир бўлган табиий офат оқибатларини бартараф қилиш мақсадида 2 та кўприкда ҳамда май ойида кўп ёғингарчилик бўлганлиги сабабли А380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” автомобиль йўлининг 665, 668 ва 671 километр оралиғидаги йўлнинг қатнов қисмига етказган зарарни бартараф этилди ва фойдаланишга топширилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 10 октябрдаги “Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларига хусусий секторни жалб қилиш йўлга қўйилди. Аутсорсинг шартномалари асосида А380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” автомобиль йўлининг 648-668 километри умумий 20 километргача бўлган қисмида пудратчи корхоналар томонидан қурилиш ишлари олиб борилди. Бош бошқарма томонидан 2024 йилда бюджет маблағлари ҳисобидан умум-фойдаланишдаги автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилди. Хусусан, йил давомида 3 минг 214 дона йўл белгиларини алмаштириш ва янгидан ўрнатиш ҳамда 1440 километр узунликда ётиқ йўл чизиқлари чизилди. Шу билан бирга, Нукус шаҳридаги Давлат аҳамиятига эга 4Р176А “Нукус Темир йўл вокзалига” автомобиль йўлида 2 дона транспорт светофор қурилмаси реконструкция қилинди, 3 та пиёдалар светофори янгидан ўрнатилди. Жорий йилда эса ушбу амалга оширилган ишларни 2 баробарга ошириб, 4 минг 500 дан зиёд йўл белгисини янгидан ўрнатиш режалаштирилган. Оғир юк ташувчи транспорт воситаларини назорат қилиш мақсадида 5 та ҳудудда стационар ва мобил тарози қурилиб, ишга туширилди.

Шу билан бирга, ички хўжалик автомобиль йўлларининг манзилли рўйхати шакллантирилиб, ўтган йилда 1 минг 14,4 километр ички йўлларда 235,8 миллиард сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Хусусан, “Ташаббусли бюджет” дастурининг биринчи мавсумида 14 та тумандаги 38 та объектда жами 69,7 километр автомобиль йўлининг 44,5 километрини асфальтлаш, 25,2 километрига шағал ётқизиш ва 4 километр пиёдалар йўлакчасини таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Ушбу дастурнинг иккинчи мавсумида 9 та тумандаги 29 та объектда 46,5 километр автомобиль йўлининг 35,9 километрини асфалтлаш ва 10,6 километрига шағал ётқизиш ишлари олиб борилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11 октябрдаги “Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчалари ҳамда ички хўжалик йўллари инфратузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан Қорақалпоғистон Республикаси ички йўллари хатловдан ўтказилди. Бугунги кунда жами 11 минг 605 километр йўл мавжудлиги аниқланиб, шундан 109 километр цемент-бетон, 1 минг 755,6 километрини асфальт-бетон, 4 минг 816,3 қум-шағал қопламали ҳамда 4 минг 923,6 километри тупроқ йўл ташкил қилади. Шундан жорий йилда 1 минг 373 километр тупроқ йўлга шағал ётқизиш ҳамда 60,3 километр автомобиль йўлини асфальтлаш режалаштирилган.

Ушбу амалга ошириладиган ишлар натижасида ҳудудда йўл инфратузилмаси янада яхшиланиб, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ижобий ечимини топади. Чунки йўллар созлиги аҳоли розилигидан дарак берувчи муҳим омилдир.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири