Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 350 нафар хотин-қиз касб-ҳунарга ўқитилади (+видео)

Бугунги кунда юртимизнинг барча ҳудудларида ўзига хос ҳунармандчилик мактаблари шаклланиб, авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Уларнинг ҳар бири неча минг йиллик тарихга, ўзига хос ижодий мактаб ва анъаналарига, атоқли намояндаларига эга. Ана шундай бебаҳо тарихимизни асраб-авайлаш, уни ривожлантириш борасида “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан кенг-кўламли чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Мазкур уюшма томонидан пойтахтимизда ўтказилган матбуот анжуманида бу ҳақда батафсил маълумот берилди. 2024 йил давомида амалга оширилган ишлар ва жорий йилдаги режалар ҳақида сўз юритилди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда уста-ҳунармандлар сони 7 баробарга, шогирдлар сони 9 баробарга кўпайиб, соҳада банд бўлганлар 230 минг нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг аксарияти машҳур сулола давомчилари бўлиб, қадимий анъаналарини замонавий услублар билан уйғунлаштирган ҳолда соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Амалий санъат турларини қайта тиклашга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасида дастлаб амалда бўлган 25 та ҳунар турлари сони 34 тага, бугунга келиб эса 43 тага кўпайди. Уюшма аъзолари ва кам таъминланган ҳамда ишсиз, шунингдек, ногиронлиги бўлган жами 19,4 минг нафар фуқарога 18,3 млрд. сўм субсидия маблағлари ажратилди. 2024 йилда Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчихона ва ваколатхоналари кўмагида МДҲ, Европа ва АҚШ давлатларига ҳунармандчиликнинг кулолчилик, каштачилик, зардўзлик, ёғоч ўймакорлиги, гиламчилик ва қўлда газлама тўқиш йўналишлари бўйича жами 15.2 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар экспорт қилинди.
2025 йилда уюшма аъзолари сонини 29 минг нафарга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, уста-шогирд анъаналарини ривожлантириш орқали 50 минг нафар иш ўринлари яратилади. Уюшма аъзолари ва кам таъминланган ҳамда ишсиз, шунингдек, ногиронлиги бўлган жами 5 минг нафар фуқарога 29,3 млрд. сўм субсидия маблағлари ажратилиши кўзда тутилган. Республиканинг чекка ҳудудларида 28 та қисқа муддатли бепул ўқув курслари ташкил этилиб, уларда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 350 нафар хотин-қиз уста-шогирд анъанаси асосида ҳунарга ўқитилади. 2025 йилда хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда ишсиз аёлларнинг бандлигини таъминлаш дастурига асосан “Ҳунарманд“ уюшмаси томонидан республика миқёсида 12 402 нафар ҳунармандга 96 307 нафар хотин-қиз ҳунар ўрганиши учун бириктирилади.
Ҳар бир туман (шаҳар)да биттадан “Ҳунармандлар саноат маркази“ ташкил этилади ва уларда хотин-қизларни ҳунармандчиликка ўргатиш орқали бандлиги таъминланади.
Гулноза Бобоева, Дониёр Ёқубов(видео), ЎзА