Алданганлар кўпаймоқда (+видео)

143

Кибержиноятчилик

Фирибгарлар фуқарога телефон қилиб, “Марказий банкданмиз”, деб ўзини таништиради. “Сизнинг номингизга “фалон” сўм миқдордаги кредит расмийлаштириляпти, бу бизнинг тизимда кўриниб турибди”, дейди. Шунда фуқаро шошиб қолади. Молиявий билими бўлмагани учун “ростдан ҳам номимга кредит расмийлаштирибди”, деб ўйлайди-да, телефонига қанақа код SMS бўлиб келса, ҳаммасини фирибгарларга айтиб қўяди. Ҳатто, ўзи билмаган ҳолда телефонидан тўғридан-тўғри бошқарувни ҳам фирибгарга бериб қўймоқда.

Кунлик янгиликларни интернет орқали кузатар эканмиз, шу сингари фирибгарларнинг телефон қўнғироқлари ва ижтимоий тармоқлар орқали жиноий хатти-ҳаракатларига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Ана шундай фирибгарларга алданиб, моддий маблағидан айрилган фуқарролар тез-тез учрай бошлади.

– Кунларнинг бирида пластик картамдаги пуллар ўз-ўзидан ғойиб бўлиб қолди, – дейди урганчлик Фотима Жабборова(исм-шарифи ўзгартирилган). – Банкка бордим. Банк ходимлари карта тарихини текширишди. Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида жойлашган терминал орқали ечилганлиги маълум бўлди. Бир неча кунлик уринишларга қарамай, пул маблағи қандай ечилганлигини аниқлай олмадик. Менинг гумоним ўғлимдан. Чунки, у менинг мобиль телефонимда интернет орқали турли ўйинлар ўйнайди. Ана шу ўйинлардаги ҳаволалар орқали менинг пластик картамга кириб, пул маблағларимни ечиб олишган бўлиши мумкин экан. Ота-оналарга маслаҳатим: фарзандларингиз интернет орқали ижтиомий тармоқлардан фойдаланаётганини назорат қилинг.

Хоразм вилоят ички ишлар бошқармаси киберхавфсизлик бўлими ва тергов органлари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва кибержиноятларни фош қилишда самарали ишлар олиб борилмоқда.

–Бугунги кунда айрим кимсалар ўзини банк ёки ички ишлар ходими дея таништириб, фуқароларнинг шахсий маълумотларига эга бўлиб, пластик картасидаги моддий маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари учрамоқда, – дейди Хоразм вилояти ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бошқармаси ходимаси Фарида Султонова. – Баъзи ҳолларда эса фуқароларга интернет мессенжери орқали турли хабар ва “АПК” файлларни жўнатиб, мобиль телефон бошқарувини қўлга олиш орқали жиноятларни амалга оширишмоқда. “АПК” файл –бу Андроид ва Андроид асосидаги бошқа бир қатор операцион тизимлар учун архивланган бажариладиган дастур файллари формати. Ҳар бир Андроид иловаси дастурнинг барча кодларини ўз ичига олган битта файлга пакетланади. Мобиль қурилмангизга ана шундай файллар келса уларни асло оча кўрманг.

Бундай ҳолатларнинг ортишига жиноят қилаётган инсонлар билан бирга ишонувчан бўлган юртдошларимизнинг бепарволиги ҳам сабаб бўлмоқда.

Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари