Ишсиз ва иш қидираётган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш харажатларини қоплаб бериш бўйича ваучер тизими жорий қилинади

190

АОКАда ўтказилган брифингда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири маслаҳатчиси Фахриддин Ҳайитовнинг маълум қилишича, 2025 йил 1 майга қадар ишсиз ва иш қидираётган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш харажатларини қоплаб бериш бўйича ваучер тизими жорий қилинади.

Қайд этилишича, ўқиш харажатлари фуқаро танлаган таълим муассасасига ваучер асосида тўлаб берилади. 2025 йил 1 февралдан бошлаб мазкур тизим Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳрида синовдан ўтказилади. Ваучер асосида давлат ўқув марказлари билан бир қаторда нодавлат ўқув марказларида ҳам ўқиш мумкин. Бунда, 35 турдаги – талаб юқори бўлаётган замонавий касблар, хусусан, электромобиллар ҳамда қуёш панелларини таъмирлаш, компьютер технологиялари мутахассисликлари ўргатилади.

Бундан ташқари, немис тилини ўрганиш истагидаги фуқаролар учун ҳам ваучер берилади. Касб-ҳунар ўрганиш истагида бўлган ишсиз ва иш қидираётган юртдошларимизнинг ваучер имтиёзига эга бўлиш учун ёш чегараси белгиланмаган, ўқиш муддати бўйича ҳам чекловлар қўйилмаган. Ўқув курслари учун тўлов 100 фоиз тўлаб берилади. Таълим муассасаларига Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси томонидан тўловнинг дастлабки 50 фоизи ўқиш бошланганида, қолган ярми ўқувчи сертификат олганидан сўнг тўлаб берилади.

Хўш, ваучерни олиш учун нима қилиш лозим?

Бунинг учун фуқаро томонидан туман ёки шаҳардаги Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига мурожаат қилинади. Бир неча дақиқа ичида фуқаронинг мобил телефонига юборилган ҳавола орқали QR-кодли ваучер юклаб олинади. Ушбу ваучер касб-ҳунар ёки хорижий тилни ўрганиш истагидаги фуқаро томонидан ўзи истаган ўқув марказига тақдим қилинади. Ваучер қайси вилоятдан олинган бўлса, ўша ҳудуддаги ўқув марказлари учун амал қилади.

қув марказлари ваучер тизимида ўқитиш учун ecosys.mehnat.uz сайти орқали ариза топшириб қуйидагиларни тақдим қилиши лозим. Булар, таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти бўйича лицензия, ўқув курсларининг йўналишлари ва умумий жой ўринлари, ўқув курсларини олиб борадиган ўқитувчи, уста ва мураббийлар малакасини тасдиқловчи ҳужжат бўлиши керак. Дарс жараёнларини ташкил этиш учун синфхоналар, машғулот хоналари ва бошқа зарур ишлаб чиқариш майдонлари ҳамда жиҳозларнинг фотосуратлари, ўқув хоналаридаги ўқув жараёнини онлайн ва офлайн режимда мониторинг қилиш учун интернет тармоғига уланганлиги, шунингдек, мавжуд бўлса, ўқув маркази филиаллари ва уларнинг манзиллари ҳамда халқаро ташкилотлар томонидан берилган сертификатлар шулар жумласидандир.

Бугунги кунга қадар Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятидан 63 та давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ваучер тизими бўйича ўқитиш юзасидан мурожаат қилиб, рўйхатдан ўтган.

Ш.Маматуропова, ЎзА