Қўл жанги спорт тури ёш ҳарбийлар орасида оммалаштирилади (+видео)

259

Президентимизнинг “Қўл жанги спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғриси”даги қарори юртимизда мазкур спорт тури билан шуғулланувчи ёшлар сони ортишига хизмат қилаётир. Бугунги кунда 30 мингдан зиёд профессионал, ҳаваскор ва ёш спортчилар ушбу спорт билан шуғулланиб келмоқда.

Эндиликда, мазкур спорт секциялари туман марказлари ва чекка ҳудудларда ҳам ўз ишини бошлайди. Ўқувчиларни жалб этган ҳолда қўл жанги спорт тури янада ривожлантирилади.

Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Қўл жанги федерациясининг йиғилишида мазкур масала муҳокама марказида бўлди.

Тадбир аввалида Федерация маъмурий биноси очилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. 2024 йилда спортчиларимизнинг мунтазам шуғулланишлари учун муносиб шароит яратиш мақсадида қуриб фойдаланишга топширилган Миллий гвардия Маънавият ва маърифат маркази қошидаги барча имкониятларга эга бўлган Спорт саройида қад ростлаган мазкур бино эндиликда Ўзбекистон ҳамда Осиё Қўл жанги федерацияси раҳбариятининг фаолият олиб бориши учун мўлжалланган марказ сифатида хизмат қилади.

Шунингдек, халқаро ҳамкорлик учрашувлари, мураббий ва ҳакамларнинг барча йиғинлари ушбу марказда ташкил этилади. Фойдаланишга топширилган Қўл жанги федерацияси биносининг мажлислар залида илк бор ўтказилган йиғилиш эса Федерациянинг 2024 йил сарҳисоби ҳамда 2025 йил учун устувор вазифаларига бағишланди.

– Ушбу спорт турига Осиё давлатларида ҳам қизиқиш ортиб бормоқда, – дейди Тошкент шаҳар қўл жанги федерацияси ижрочи директори Азизбек Раҳмонов. – Ўтган йили 30 га яқин Осиё давлатларидан вакиллар иштирок этган анжуманда Осиё Қўл жанги федерациясининг ташкил этилгани бунинг ёрқин мисолидир.

Йиғилишда, федерация томонидан йил давомида эришилган ютуқлар билан бирга, йўл қўйилган камчиликлар ҳудудлар кесимида танқидий кўриб чиқилди. Амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Тадбир сўнгида бир гуруҳ фидойи раҳбар ва мураббийлар рағбатлантирилди.

Н.Раҳмонова, ЎзА