“Ўзбекнефтгаз” ва Япониянинг MUFG банки ҳамкорликни кенгайтиради

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Япониянинг “MUFG Bank Ltd” банки вакиллари ўртасида навбатдаги учрашув бўлиб ўтди.
Томонлар икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги лойиҳаларни молиялаштириш ва амалий шерикликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Мулоқот давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖда амалга оширилаётган ислоҳотлар, трансформация жараёнлари ва иқтисодий барқарорлик борасида эришилган натижалар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, компаниянинг истиқболли лойиҳалари, молиявий стратегияси ва эҳтиёжлари юзасидан фикр алмашилди.
Музокараларда банк томонидан таклиф этилаётган молиявий механизмлар, кредитлаш шартлари ва инвестициявий имкониятлар кўриб чиқилди. Шунингдек, йирик лойиҳаларни молиялаштириш учун синдикатлашган кредит ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, халқаро банклар билан ҳамкорликда синдикатлашган клуб кредити яратиш таклифи илгари сурилди. Бу экологик ислоҳотлар ва атроф-муҳитга таъсирни камайтиришга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.
Жамият ахборот хизматига кўра, меҳмонларга евробондларни чиқариш ва молиялаштириш бўйича режалар ҳам маълум қилинди. Банк вакиллари бу жараёнда молиявий хизматлар кўрсатишга тайёр эканлигини билдирди.
Учрашув якунида томонлар аниқ амалий қадамларни белгилаб, ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишувга эришди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА