Антонио Коста: Даниянинг ҳудудий яхлитлиги ЕИ учун муҳим

143

Европа Кенгаши президенти Антонио Коста АҚШ етакчиси Дональд Трампнинг Дания Қироллигига қарашли мухтор ҳудуд – Гренландия устидан назорат ўрнатиш ҳақидаги баёнотига жавобан, кўҳна қитъа мамлакатини “тўлиқ” қўллаб-қувватлашини билдирди.

“Euronews” телеканали саволларига жавоб бераркан, ЕК раҳбари Даниянинг ҳудудий яхлитлиги ЕИ учун “муҳим масала” эканини таъкидлади.

– Биз миллий суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилини муҳофаза этишга тайёрмиз, – деди Коста. – ЕИга аъзо давлатнинг бир қисми тақдири хавф остида қолганда биз умумий қарашимизни ҳимоя қилишдан воз кечмаслигимиз керак.

Мулозим, Гренландия Қиролликнинг бир қисми, Дания эса суверен давлатлигини эслатиб, мамлакат ўз манфаатини белгилаши, ЕИ эса ҳамкорини қўллаб-қувватлашини қайд этди.

Коста Трампнинг Европа давлатлари учун бож оширилиши мумкинлиги ҳақидаги фикрига ҳам муносабат билдирди:

– Брюссель АҚШнинг янги маъмурияти билан “самарали мулоқот” ўрнатиши кутиляпти. АҚШ ўз манфаатини ҳимоя қилаётганидек, ЕИ ҳам компаниялари, фуқаролари ва умуман Иттифоқни ҳимоя қилиш учун масъул. Ўзаро мулоқот мўътадил ва хотиржам, хавотирсиз ўтиши керак. Тузилма Қўшма Штатлар билан яхши муносабат сақлаб қолинишини истайди.

Б.Худойбердиев, ЎзА