АҚШ Хитойга чип сотиш учун янги чеклов қўллаши мумкин

179

АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти Хитойга чип сотишга қўшимча чеклов жорий этиш масаласини кўриб чиқмоқда, деб ёзди “Блумберг”.

– Трамп маъмурияти расмийлари “Nvidia Corp.” компанияси Хитойда чип сотишига қўшимча чеклов киритиш имкониятини ўрганмоқда, – дейилган нашр эълон қилган хабарда. Тақиқ H20 русумига таъсир қилади.

Аввалроқ АҚШ Савдо вазирлиги миллий хавфсизликни ҳимоя қилиш, мазкур технологиядан дўст бўлмаган мамлакатлар фойдаланишининг олдини олиш мақсадида Қўшма Штатлар илғор АI чиплари ва моделлари экспортига янги тақиқ қўлланаётгани тўғрисида ҳужжат эълон қилган эди.

Таъкидланишича, чеклов рақиб давлатлар қурол яратиши, кибер ҳужум уюштириши ёки оммавий кузатув учун АI технологиясини қўллашининг олдини олишга қаратилган. Бинобарин, департамент Вашингтоннинг ишончли ҳамкорлари ва иттифоқчилари учун бундай воситалардан фойдаланиш имконияти сақланиб қолишига ишонтирган.

Хабарда айтилишича, Хитой ушбу қарорни танқидий қабул қилган.