Сайёр қабулда муаммоларга ечим топилди
Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманида жойлашган Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисмда оммавий сайёр қабул ва бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасида юрт ҳимоячилари, уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимояси масалаларига доир муаммоларга ечим топилди.
Сайёр қабул давомида Нукус ҳарбий прокурори А.Матякубов томонидан очиқ мулоқот ўтказилиб, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларига яратилган шароитлар, имконият ва имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оилалари қатнашди.

Таъкидлаш жоиз, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда яратилган “Халқ билан мулоқот” халқчил тизим кўплаб юртдошларимизни йиллар давомида қийнаб келган муаммолар, ечими топилмаётган масалалар ҳал бўлиб, халқ давлат учун эмас, балки давлат хизматчилари халққа хизмат қилиши керак деган эзгу ғоя рўёбга чиқмоқда.

Қабулда ҳарбий хизматчилар оила аъзоларини ишга жойлашиши ҳамда фарзандларининг таълим муассасаларига кириши, имтиёзли ипотека кредити асосида ажратиладиган уй-жойларни харид қилиш, солиқ тўловларини тўлашдаги имтиёзлар ва бошқа масалаларда жами 35 та мурожаат ўрганилди. Шундан 14 таси шу жойнинг ўзида қаноатлантирилган бўлса, 12 таси юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Меҳнат ярмаркасида бандликка кўмаклашиш ва камбағалликни қисқартириш бўлими, туман тиббиёт бирлашмаси, Халқ банки, Солиқ қўмитаси ҳудудий бўлинмаси, Мактаб ва мактабгача таълим бўлими ҳамда бошқа бир қатор мутасадди ташкилотлар масъуллари иштирок этди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири