Ҳудудларни ободонлаштириш вазифалари белгиланди

236

Айни кунларда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев бошчилигида шаҳар ва туманларни комплекс ривожлантириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар жойларда муҳокама қилинмоқда.

Амударё туманида ўтказилган навбатдаги тадбирда республика, шаҳар ва туманлар сектор раҳбарлари, вазирлик ва идоралар, ҳудудий бошқарма, ташкилот ҳамда муассасалар мутасаддилари иштирок этди.

Мажлисда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли кайфиятига таъсир этаётган маҳаллалардаги инфратузилма билан боғлиқ, ижтимоий ва бошқа муаммоларга ечим топиш, тадбиркорликни янада ривожлантириш каби қатор долзарб масалалар ҳақида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, жорий йилда Президентимизнинг алоҳида эътибори билан Амударё туманидаги 86 та ижтимоий ва инфратузилма объектида қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш учун давлат ва бошқа дастурлар асосида жами 537,4 миллиард сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.

Бунинг учун ҳар бир раҳбар ўзига юклатилган вазифага масъулият билан ёндашиши кераклиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, кўп йиллар давомида аҳолини қийнаб келган муаммоли масалаларни жойида ижобий ҳал этиш, оғир аҳволдаги маҳаллаларни обод қилиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган асосий ишлар белгилаб олинди.

Жорий йилда тумандаги ёз ойларида чанг-тўзон, қор, ёмғирли кунларда лой бўлиб, аҳолини қийнаб келган жами 107 километр тупроқ йўлга қум-шағал аралашмаси ётқизиш режалаштирилган. Қорақалпоғистон Республикаси миқёсидаги раҳбарлар иштирокида туманнинг Тошқалъа маҳалласида бошланган ободонлаштириш ишларига махсус техникалар, ишчи-ходимлар жалб қилинди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА