Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.Абдуҳакимов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори А.Раҳматов ва Туризм қўмитаси раиси У.Шадиев иштирокида Грузиянинг “Reformatics” консалтинг компанияси директори Н.Гилаури билан Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш истиқболлари бўйича музокаралар ўтказилди.
Томонлар 2040 йилгача бўлган даврда Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришнинг самарали ва узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқиш истиқболларини муҳокама қилди.


Ушбу стратегия туризм соҳасининг барча таркибий қисмларини яхлит тарзда ривожлантиришни таъминлайди ва хорижий сайёҳларни жалб қилиш, туристик хизматларни экспорт қилиш, шунингдек, инфратузилма ва туристик контентни ривожлантириш каби мақсадли кўрсаткичларга эришишга қаратилган.

Қайд этилишича, стратегияни ишлаб чиқиш жараёнида ахборот ва яшил технологияларни жорий этишга, шунингдек, ривожланган туризм бозорларига эга мамлакатларнинг энг яхши тажрибаларини ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Учрашув якунида 2040 йилгача Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш стратегиясини биргаликда ишлаб чиқиш бўйича уч томонлама битим имзоланди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА